Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари қандай ижро этилмоқда?
Президент фармони билан ташкил этилган Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини ошириш бўйича Республика кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида шу йўналишда қилинаётган ишлар таҳлил қилинди.
Видео-конференцалоқа тарзида ўтказилган йиғилишда кенгаш аъзолари, Бош прокуратура, Мажбурий ижро бюроси, тегишли вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, шунингдек, ҳудудий кенгашлар раислари ва аъзолари ҳамда прокуратура ва бошқа мутасадди идоралар вакиллари иштирок этди.
Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев бошқарган йиғилишда суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасида айрим жиддий муаммолар сақланиб қолаётгани таъкидланди. Айниқса, компенсация пуллари тўланиши билан боғлиқ мавжуд муаммолар кескин танқид остига олинди.
Долзарб масалалардан бири бўлган алимент ундирувлари, коммунал соҳадаги қарздорликлар ва бошқа йўналишлардаги ҳужжатлар ижросига тўхталиб ўтилди.
Бу борада Кенгаш аъзолари, ҳокимликлар, Бюро ҳамда бошқа мутасаддиларнинг тушунтириш ва изоҳлари эшитилди.
Фуқаролар ва тадбиркорлар фойдасига компенсация тўловларини ундириш, эҳтиёжманд фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, алимент ундирувларини жадаллаштириш, электрон ҳамкорлик тизимини янада такомиллаштириш ва бир қатор муҳим масалалар бўйича тегишли чоралар белгиланди.
Тадбир якуни бўйича тегишли қарор қабул қилиниб, ижрога қаратилди.
Н.Абдураимова, ЎзА