ФОТОРЕПОРТАЖ

Тошкентда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Европа Иттифоқи ҳамда ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Ўзбекистон профессионал таълим тизимида сифатни таъминлаш ва касбий кўникмаларни ривожлантириш” мавзуида халқаро конференция ўтказилди.

Тадбирда 20 дан ортиқ вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилот ва лойиҳалар вакиллари, Германия, Швейцария, Франция, Австралия каби давлатларнинг таълим сифати соҳасидаги экспертлари иштирок этди.

Давлатимиз раҳбарининг  2023 йил 28 февралдаги фармони билан тасдиқланган 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 150-бандида “Европа касбий таълим ва касбга ўқитиш сифатини таъминлаш (EQAVET) тизими талабларига тўлиқ жавоб берадиган намунавий профессионал таълим муассасалари фаолиятини йўлга қўйиш” вазифаси белгиланган.

Бугунги халқаро анжуманда EQAVETни профессионал таълим тизимига жорий этиш имкониятлари, бу йўналишда амалга оширилиши керак бўлган устувор вазифалар ҳамда мазкур йўналишдаги илғор хорижий тажрибалар бўйича халқаро ва маҳаллий экспертларнинг тақдимотлари ўтказилди.

Конференцияда иштирокчилар бир нечта халқаро моделларни жорий этиш орқали таклиф этилаётган сифатни кафолатлаш сиёсатига алоҳида эътибор қаратган ҳолда барча манфаатдор томонлар ўртасида халқаро амалиётга асосланган сифатни таъминлаш сиёсатининг роли ҳақида умумий тушунчага эга бўлди.

Шунингдек, тадбирда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилаётган “Профессионал таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси” лойиҳаси муҳокама этилди.

Камола ЮСУПОВА,

Даврон ЭРНАЗАРОВ (сурат) ЎзА