Марказий банк бошқарувининг навбатдаги йиғилиши якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Марказий банк бошқаруви раиси Мамаризо Нурмуратовнинг қайд этишича, жорий йилда халқаро пул ўтказмалари ҳажми ўтган йилга нисбатан камайиши кутилмоқда.
– Ўтган 4 ойда ажратилган 74 триллион сўмлик кредитларнинг асосий қисми чакана кредитлар ҳисобига тўғри келади, – деди М.Нурмуратов. Имтиёзли кредитларнинг кредит қўйилмаларидаги улуши 37 фоиздан 34 фоизгача пасайган. Кредитларнинг ўсиши базавий сценарийдан тезроқ юз бермоқда. Янгиланган прогнозларга кўра, ЯИМ ўсиши базавий сценарийлардан 0,5-1,0 фоиз юқорироқ бўлади. Инфляция прогнозлари 8,5 -9,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолади. Россия рублининг қадрсизланиши турли каналлар, хусусан, пул ўтказмалари орқали таъсир ўтказади. Халқаро пул ўтказмаларининг 82 фоиз атрофидаги қисми Россия йўналишига тўғри келади. Шуни ҳам айтиш жоиз, одамлар ишончини қозонибгина долларлашув даражасини пасайтирамиз.
Шунингдек, матбуот анжуманида Р2Р ўтказмалари бўйича банк сирига оид маълумотларнинг солиқ органлари назоратига ўтиши бўйича Марказий банк Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ўзининг салбий қарашларини етказгани, бу бўйича Марказий банк позицияси ОАВларда янграётган фикрлардан кўра қатъийроқ эканлиги таъкидланди.
Матбуот анжуманида қайд этилишича, “Алоқабанк» биноларининг “Black Gold Industry News” компаниясига банкнинг узоқ муддатли имтиёзли кредитлари ажратилиши (15 йил муддатга, 14 фоиз ставкасида 390 млрд.сўм) ҳисобидан сотилиши бўйича битим бекор қилинган.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА