Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида хизматлар соҳасини ривожлантириш орқали аҳолига қулайлик яратиш, тадбиркорларнинг бу борадаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаган ҳолда аҳоли бандлигига эришиш мақсадида кредит ва субсидия маблағларини ажратиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2022 йилда хизматлар соҳасини ривожлантириш борасида белгиланган истиқболли режалар ва мақсадли кўрсаткичлар ижроси юзасидан бир қанча чора-тадбирлар ҳамда амалий ишлар бажарилди. Жумладан, хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш учун 23,8 триллион сўм, савдо соҳасидаги лойиҳаларга 15 триллион сўм, айланма маблағларни тўлдириш учун 11,3 триллион сўм миқдорида кредитлар ажратилган. Шунингдек, 2022 йилда ЯИМнинг 41,5 фоиз улуши хизматлар соҳасига тўғри келиб, кўрсатилган хизматлар ҳажми ўтган йилга нисбатан 115,9 фоизга ошиб, 357,6 триллион сўмга етказилган.
Тошкент шаҳрида 14,8 мингта лойиҳани молиявий қўллаб-қувватлаш учун тижорат банклари томонидан 26,8 триллион сўмлик кредит маблағлари ажратилган бўлиб, шундан 7,8 триллион сўм маблағ “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан тадбиркорларга йўналтирилган. “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан ажратилган 11,3 триллион сўм миқдордаги маблағлар ҳисобига 1 минг 559 та лойиҳа молиялаштирилган.
Шулар билан бир қаторда, соҳадаги аёл тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 277 нафар хотин-қизларнинг хизмат кўрсатиш лойиҳаларини молиялаштириш учун “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан 418,4 миллиард сўм кредит маблағлари йўналтирилди.
Кўрсатилган хизматлар улушининг энг катта ҳажми савдо (88,9 трлн.сўм) – 9 фоизга, транспорт (81 трлн.сўм) – 12,4 фоизга ва молиявий хизматлар (80,4 трлн.сўм) – 29,3 фоизга ошган бўлиб, IT хизматлари – 25,5 фоизга, таълим – 15,3 фоизга, маиший ва умумий овқатланиш– 14,7 фоизга ўсди.
Олиб борилган ислоҳотлар натижасида хизматлар соҳасида фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотлар сони 393 мингтага етказилди. 2023 йил 1 январь ҳолатига хизматлар соҳасида кичик бизнес субъектларининг улуши 48,4 фоизни ташкил қилмоқда.
“Ўзмиллийбанк” АЖ матбуот хизмати томонидан ташкил этилган пресс-тур давомида тақдим этилган маълумотларга кўра, республикада аҳоли жон бошига кўрсатилган хизматлар ҳажми ўтган йилга нисбатан 1,3 баробарга ошди.
– Бугун тадбиркорлар учун барча имкониятлар эшиги очиқ, – дейди «SKIN BEAUTY» МЧЖ иш бошқарувчиси, тадбиркор Машариф Қаландаров. – Айнан “Ўзмиллийбанк” АЖ кўмаги билан пойтахт марказида косметологик хизмат кўрсатиш маркази ташкил этишга эришдик. Кўриб турганингиздек, марказда мижозларга хизмат кўрсатиш учун барча қулайликлар мавжуд. Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида “Ўзмиллийбанк” АЖга мурожаат қилдик. Бизга ҳеч бир муаммосиз, беш йиллик муддатга имтиёзли кредит ажратиб берилди. Бугун мақсадимиз фақат кредит қарзини сўндиришдан иборат эмас. Биз ўз соҳамизда кутилган натижаларга эришиб бошладик. Ўз биномизга эга бўлдик ҳамда хизматлар соҳасини кенгайтиришга муваффақ бўлдик.
Қайд этилишича, жорий йилда “Ўзмиллийбанк” АЖ тижорат банклари билан биргаликда хизматлар соҳасида 68 мингта лойиҳани молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида жами 50,1 триллион сўм кредит маблағини ажратган бўлиб, мазкур ажратилган кредитлар миқдори ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробарга ортган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА