2023 йил 1 май куни соат 01:40 ларда номаълум шахс Нукус шаҳри Ғайри нағис кўчасида жойлашган 39 ёшли Х.Р.га тегишли қурилиши тугалланмаган уй гаражи ойнасини синдириб, ғайри қонуний тарзда кириб, автомашина эшиклари қулфланмаган, калити ўт олдириш жойида қолдирганлигидан фойдаланиб, ушбу автомашинани номаълум томонга олиб қочиб кетганлиги аниқланган.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментининг маълум қилишича, олиб борилган тезкор-қидирув ишлари натижасида жабрланувчига тегишли бўлган “Trailblazer” русумли автомашина, номаълум шахс томонидан Нукус тумани ҳудудидаги йўл четидаги дарахтга урилиб, ағдарилган ҳолда топилган.
Ҳодиса содир бўлган жойида автомашинада бўлган номаълум шахс қўлга олиниб, аниқлиқ киритилганда муқаддам судланган 31 ёшли М.А. эканлиги ва у ўта маст ҳолдалиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Нукус шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан М.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан қамоққа олиш тарздаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозир тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
ЎзА мухбири