Сеул. Тарих ва замонавийликни ўзида акс этган шаҳар

Жанубий Корея ўзининг кўп минг йиллик тарихга эга қадим ўтмиши ва ҳозирги замонавий яшаш муҳити билан хорижликларни доимо ўзига жалб этиб келади. Бу ўлка ўзининг озодалиги ва юқори намли ёмғирли ҳавоси, иқтисодий ўсиш барқарорлигидан тортиб, юқори технологияларининг сифат даражаси билан фахрланса арзийди.

Шу ўринда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий ва маданий-маърифий алоқаларнинг яхши йўлга қўйилганлигини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим.

Яқинда ушбу мамлакатнинг Сеул шаҳрида “Бутунжаҳон журналистлар анжумани” ўтказилди. Ж.Корея журналистлар ассоциацияси томонидан ташкиллаштирилган мазкур халқаро йиғинга дунёнинг 50 дан ортиқ давлатидан 70 га яқин хорижий ОАВ вакиллари ташриф буюришди. Қувонарли жиҳати ушбу нуфузли тадбирда Ўзбекистон вакили сифатида ЎзА ижодий ходимлари ҳам иштирок этишди.

“Минтақавий ривожланиш ва оммавий ахборот воситаларининг муаммолари” мавзуси доирасида бўлиб ўтган мазкур конференцияда “Бугунги кунда глобал интернет тармоғининг ривожланиши билан бирга “сохта янгиликлар” хавфи ҳам ортиб бораётгани, шунингдек, ривожланаётган сунъий интеллект технологиясининг журналистика соҳасига таъсири” борасида маърузалар тингланди.

Сувон – инновациялар шаҳри  

Ташрифнинг иккинчи куни халқаро журналистлар учун Сувон шаҳрининг диққатга сазовор масканларига пресс-тур ташкиллаштирилди. Биринчи галда меҳмонлар “Samsung” компаниясининг узоқ йиллик шонли ўтмиши акс этган “Самсунг инновациялар музейи”нинг тарихий экспонатлари билан танишдилар, сўнгра Сувон шаҳри маъмурияти ташаббуси билан корейсларнинг миллий чолғу асбоблари ижросида кечки базм ҳам ташкил этилди.

Пусан 2025 йилда сузувчи шаҳарга айланади  

Саёҳатчиларнинг доимо қадами узилмайдиган ва мамлакатнинг жанубий-шарқий қисмида жойлашган Пусан шаҳри қаламкашларнинг навбатдаги манзили бўлди. Қарийб 3,5 миллион аҳоли яшайдиган ушбу метрополитан шаҳар халқаро транспорт йўлагининг муҳим қисми ҳисобланиб, Корея бўғози соҳилидаги йирик портида йилига 30 миллион тоннадан ортиқ юк ташилади. Aйниқса бу ерда балиқчилик, электротехника, резина ва машинасозлик, кема ва автомобиль двигателлари ишлаб чиқариш, радиотехника саноати анча тараққий этган.

Маҳаллий қурилиш ва саноат ташкилоти вакиллари билан учрашувимиз чоғида соҳа мутахассисининг айтишича, Пусан шаҳри қирғоқларида сузувчи шаҳар қуриш режалаштирилмоқда. У тошқин ва зилзилалардан ҳимояланган бир неча сунъий ороллардан иборат бўлади. Шаҳар қуёш энергиясидан қувват олади, унинг аҳолиси эса ўсимлик маҳсулотлари билан озиқланади. Дунёдаги бу илк сузувчи шаҳар 2025 йилга бориб қурилади.

Конференция иштирокчилари Пусанда БМТ муҳофазасидаги хотира мажмуасини зиёрат қилдилар. Сўнгра матрослар иштирокида порт шаҳарнинг кўҳна дарёси узра кичик кема саёҳати уюштирилди.

Инчхон. Мафтункор шаҳарнинг мукаммал архитектураси ҳайратни оширади.

Бизнинг навбатдаги йўналишимиз мамлакатнинг энг йирик аэропорти жойлашган гўзал ва бетакрор Инчхон шаҳри бўлди. Мафтункор шаҳарнинг мукаммал архитектура услубида бунёд қилинган осмонўпар биноларига боқар эканмиз, маҳаллий халқнинг меҳмондўстлигини кўриб қувончимиз янада ортди. Саёҳат давомида корейс халқининг урф-одатлари, миллий таомлари ва қадимий меъморчилик ёдгорликлари ҳақида ташкилотчилар томонидан маълумотлар бериб борилди.

Сафаримиз сўнггида хорижлик ҳамкасблар билан хайрлашар эканмиз, бизларни бир нуқтада бирлаштирган Жанубий Кореялик ташкилотчиларга алоҳида миннатдорчилик изҳор этдик ва янгидан-янги ижодкор дўстлар орттирган ҳолда илиқ хотиралар билан юртимизга қайтиб келдик.

Ўткир АЛИМОВ,

Тошкент – Сеул – Тошкент,

ЎзА