Мамлакатимизнинг бир неча олий таълим муассасаси Урал Давлат иқтисодиёт университети (УрДИУ) билан талабаларни ўқитиш, малакали мутахассис тайёрлаш бўйича ҳамкорлик қилиб келади. Жумладан, Тошкент давлат иқтисодиёт университети Урал федерал округининг маъмурий маркази ҳисобланган Екатеринбург шаҳрида жойлашган ушбу таълим муассасаси билан бирга қатор дастурларни амалга ошириб келмоқда.

Иккала олий таълим муассасаси қўшма дастури 2018 йил фаолият бошлаган. Дастурга кўра, ўтган йил дастлабки 129 нафар битирувчи Ўзбекистон Республикаси ва Россия федерациясининг бакалавр даражасидаги қўшма дипломини олди. Жорий ўқув йили 300 нафар битирувчи шундай ҳужжатга эга булади. Мазкур дастурда бакалавр даражаси бўйича бешта, магистратурада иккита йўналиш мавжуд бўлиб, жами мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда.
Шунингдек, Самарқанд давлат университети, Тошкент молия институти ҳам УрДИУ билан ҳамкор.

Биз бу алоқаларни бежиз ёдга олмадик. Шу кунларда ушбу олий таълим масканида “XIII Евроосиё иқтисодий ёшлар форуми” бўлиб ўтмоқда. Анжуман доирасидаги тадбирларда, хусусан, ўқув-амалий жараёнда ўзбекистонлик ёшлар ҳам иштирок этмоқда.

“Кўп қутбли дунё янги воқелик диққат марказида” мавзусида уюштирилган тадбир бу гал юздан ортиқ мамлакатдан 12 минг нафарга яқин кишини бир жойга тўплади. Форум доирасида иқтисодиёт соҳасига оид энг муҳим масалалар олти юзга яқин эксперт кўмагида муҳокама қилинмоқда.

Йирик тадбир аввалида ташкил этилган медиа-форумда Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ва Россия Федерациясининг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Медиа-форум доирасида нафақат ялпи мажлис ва муҳокама, балки “Рақамлаштириш шароитида босма ОАВнинг аҳамияти, ахборотни тарқатиш тизими” ва “Таҳририят — ижодий ғоялар маркази” каби мавзуларда шўъба йиғилишлари ҳам ўтказилди.

Ёш журналистлар ва Екатеринбург шаҳри раҳбари Алексей Орлов ўртасида учрашув ҳам бўлиб ўтди.

Айни пайт дастурга мувофиқ, интер фаол платформа иши давом этяпти, “Комсомольская правда” медиа гуруҳи етакчи журналистлари томонидан маҳорат дарси ўтилмоқда.

ЎзА Форум тафсилотини батафсил ёритиб боради.

Икром Аввалбоев,

ЎзА
Екатеринбург, Россия