Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ) миссияси раҳбари Альберт Йонссон билан учрашди.

Учрашувда делегация аъзолари конституциявий ислоҳотлар, референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар билан танишди. Шунингдек, меҳмонларга Ўзбекистонда сайлов қонунчилигини халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Ўз навбатида А.Йонссон тақдим этилган маълумотлар учун миннатдорлик билдириб, 10 нафар Тошкент шаҳрида ва 14 нафар ҳудудларда фаолият олиб бораётган узоқ муддатли ДИИҲБ миссияси кузатувчилари фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида маълумот берди.

Кейинги йилларда сайлов жараёнида Ўзбекистон ва ЙХҲТ ДИИҲБ ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамлангани, бу жараёнда миллий сайлов тизимини янада демократлаштириш орқали фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини кенгроқ ва тўлиқ таъминлашга эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

А.Йонссон референдум жуда муҳим воқеа бўлиб, Конституция бўйича референдумни илк бора кузатиш бўйича ушбу миссияга раҳбарлик қилиш унинг учун катта шараф эканлигини билдирди.

Миссия референдумнинг ўтказилишини унинг ЙХҲТ мажбуриятларига, шунингдек, демократик сайловлар ва референдумлар ўтказиш бўйича бошқа халқаро мажбурият ва стандартларга ҳамда миллий қонунчиликка мувофиқлиги нуқтаи назаридан баҳолайди. Хусусан, иш жараёнида қонунчилик базасининг қўлланилиши, сайловолди ташвиқоти, жумладан, ижтимоий тармоқларда, шунингдек, барча даражадаги референдум ўтказувчи комиссиялар фаолияти мониторинги, мурожаатларни ҳал этиш жараёни ва бу борадаги жараёнларни ёритиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Кузатувчилар ДИИҲБнинг аввалги тавсияларининг бажарилишини ҳам баҳолайдилар.

Миссия раҳбари таъкидлаганидек, экспертлар ушбу муҳим сиёсий жараённи, жумладан, референдум куни – 30 апрелда ҳам кузатишади. Бугун миссия давлат органлари ва сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти, оммавий ахборот воситалари ва халқаро ҳамжамият вакиллари билан учрашувлар ўтказмоқда.

— Сайловдан кейинги кун миссия матбуот анжумани ўтказади, унда дастлабки хулосалар тақдим этилади, — деди ЙХҲТ ДИИҲБ кузатувчилар миссияси раҳбари Альберт Йонссон. – Шундан сўнг биз референдумни ташкил этиш ва ўтказиш соҳасидаги амалиёт ва қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсияларни ўз ичига олган якуний ҳисобот тайёрлаймиз. Ҳужжат июнь ёки июль ойларида Варшавада чоп этилади. ДИИҲБ миссияси Ўзбекистоннинг ушбу муҳим сиёсий жараёнда иштирок этишга таклиф этилишини бўлажак референдумнинг максимал даражада очиқлиги ва демократиклигини таъминлаш сифатида баҳолайди.

Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

 

М.Комилова,  

ЎзА