Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинларида ўз йигитлик бурчини ўташ учун келган ёшларнинг Ватанга қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.

Ҳарбий округ матбуот хизматининг маълум қилишича, Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмларнинг бирида ўтган тантанали тадбирда оркестр садолари остида Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикасининг давлат мадҳиялари куйланди.

Тадбирда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони генерал-майор Фарҳоджон Шерматов ва бошқалар нутқ сўзлаб, она юртни ҳимоя қилишдек муқаддас бурчни бажаришга киришган муддатли ҳарбий хизматчиларни қутлашди. Ватанга қасамёд – ҳар бир ватанпарвар, юртсевар йигитнинг ўз Ватани ва халқига бўлган меҳру муҳаббати, садоқатининг ёрқин ифодаси экани эътироф этилди. Шунингдек сўзга чиққанлар йигитларни ҳаётида бир марта бўладиган унутилмас кун муносабати билан табриклаб уларга юксак ишонч билдиришди.

Янги чақирилган муддатли ҳарбий хизматчилар она юртимизнинг сарҳадларини, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини сўнгги нафаси қолгунча ҳимоя қилишга онт ичиб, Ватанга қасамёд қабул қилди.

Хизмати давомида Қорақалпоғистон ва Хоразм воҳасининг бой миллий тарихий меросини чуқур ўрганиб, ҳарбий касбни мустаҳкам эгаллаб, профессионал кўникмани ва билим савияни доимо ошириб боришларига тилак билдирилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг аскарларга совғаси сифатида тақдим этилган “Ўзбекистон тарихи” ва “Темур тузуклари” китоблари йигитларнинг маънавий-маърифий савиясини юксалтиришга замин яратади. Ҳар бир аскарга Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг йўллаган табрикномаси, йигитларда ва уларнинг яқинларида Ватанга қасамёд маросими ҳақида илиқ таассуротнинг бир умрга муҳрланишини таъминлади.

Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказининг ҳарбий оркестри томонидан ижро этилган миллий куй ва қўшиқлар тантанага байрамона руҳ бағишлади.

Тантанали тадбирдан сўнг қасамёд қабул қилган аскарлар шарафига байрамона дастурхон ёзилди, яқинлари билан дийдор кўришиши учун шароит яратилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА