Стокгольм шаҳрида Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Швеция парламенти аъзолари билан учрашув ўтказди.

Швеция парламенти Спикерининг биринчи ўринбосари Кеннет Форслунд ва Швеция парламенти раҳбарининг ўринбосари К.Лундгрен ҳамда Ташқи ишлар, Конституциявий масалалар ва ЕХҲТ билан ҳамкорлик қўмиталари аъзолари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда Содиқ Сафоев швециялик вакилларни мамлакатда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотлар билан таништириб ўтди.

Хусусан, янги таҳрирдаги Конституцияга киритилаётган ўзгартишларда, аввало инсон ҳуқуқлари ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳимоя ва иқтисодий фаровонлик кафолатлари асосий қонун даражасида мустаҳкамланаётгани ҳамда парламентнинг суд ва назорат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва махсус хизматлар фаолияти устидан назорат функциялари кучайтирилаётганлигини айтиб ўтди.

Шу билан бирга, мулоқот чоғида Ўзбекистон–Швеция парламентлараро ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди. Ўз навбатда, Швеция томони Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, ташқи сиёсат соҳасида олиб борилаётган ўзгаришларни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Шаҳноза ТОШТЕМИРОВА, ЎзА