Халқимизнинг фаровон ҳаёти, дахлсизлиги, ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояси учун мустаҳкам асос ва ишончли кафолат сифатида янгиланаётган Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича ўтказиладиган референдумга оз фурсат қолди.

Ўз ҳақ-ҳуқуқларига бефарқ бўлмаган, фуқаролик позицияси, бурчига содиқ бўлган инсонлар бу жараёнларни диққат билан кузатиб бормоқда. Корхона ва ташкилотлар эса умумхалқ референдумини ташкил этиш ва ўтказишда жамоатчилик мониторингини олиб боряпти.

Ўзбекистонда бугунги кунда 896 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар истиқомат қилади. Уларнинг 730 мингдан ортиғи референдумда овоз бериш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон ногиронлар жамияти томонидан мазкур сиёсий тадбир жараёнида ногиронлиги бўлган шахсларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида уларга референдумда иштирок этиш учун яратилган шарт-шароитларнинг миллий қонунчилик ва халқаро стандартларга мувофиқлиги юзасидан жамоатчилик мониторинги олиб борилмоқда.

Мониторинг доирасида ташкилот томонидан ногиронлиги бўлган шахсларнинг конституциявий ислоҳотлар ҳақида хабардорлигини ошириш, янги Конституция лойиҳасида имконияти чекланган фуқароларга оид белгиланаётган қоидаларнинг мазмун-моҳиятини етказиш, овоз берувчи сифатида уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2022 йил 28 июндаги 1172-сонли қарори билан тасдиқланган “Референдум участкалари ҳамда референдум ўтказувчи участка комиссиялари тўғрисидаги низом”нинг 50-банди бўйича, яъни “Референдум участкаси биносига кириш жойида ногиронлар аравачасига мослаштирилган нишаб йўлаклар (пандуслар) бўлиши ва уларнинг белгиланган талабларга (эни камида 90 сантиметр, чиқиш бурчаги 30°дан кўп бўлмаган) мос келиши керак”лиги белгиланган. Бугунги кунларда шу асосида Ўзбекистон Ногиронлар жамияти ва унинг ҳудудий бўлим ва бўлинмалари орқали референдум участкаларида ногиронлиги бўлган шахсларга қандай шароитлар яратилганлиги бўйича назорат тадбирлари ўтказиляпти. Жисмоний имконияти чекланган фуқаролар учун яратилган шарт-шароитларни мониторинг қилиш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича округ ва участка комиссиялари билан ҳамкорлик қилиняпти. Маҳаллий кузатувчилар билан ишлаш, референдум куни имконияти чекланган овоз берувчиларнинг ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг референдум жараёнларига доир мурожаатларини кўриб чиқиш ишлари давом этмоқда.

– Жамият тавсияси билан участка комиссиялари таркибига 2 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар киритилди, – дейди Ўзбекистон ногиронлар жамияти Марказий бошқаруви раиси Комил Абдуллаев. – Ҳудудий бўлим ва бўлинмалар томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги 10,7 мингдан ортиқ рефрендум участкаларининг 5 861 тасида жамоатчилик мониторинги олиб борилди. Айтиш керакки, айрим участкаларда ногиронлиги бўлган фуқароларимиз учун зарур шарт-шароитларни яратишда бир қатор камчиликлар кузатилди. Ушбу камчиликлар тегишли округ ва участка комиссиялари билан биргаликда жойида бартараф этилди. Бир қатор мурожаатларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Маҳаллий кузатувчилар билан ишлаш мақсадида сиёсий партиялар ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамкорлигини йўлга қўйдик. Ўз имкониятларимиздан келиб чиққан ҳолда жамоатчилик мониторинги тадбирлари давом эттириляпти.

Конституциявий комиссия томонидан аҳолининг фикр-мулоҳазалари, таклифлари жамланиб, мутахассислар иштирокида пухта ўрганиб чиқилди. Икки босқичда амалга оширилган халқ фикрини ўрганиш жараёнида пухта такомиллаштирилган Конституция лойиҳаси билан 5 миллиондан ортиқ юртдошимиз танишган, 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушган. Бу фаоллик Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотларнинг ташаббускори ва ижодкори халқ эканидан далолат.

Б.Мелиқулова, ЎзА