Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида “Airbus A330” ҳаво кемаси тантанали тарзда кутиб олинди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Транспорт вазирлиги, “Uzbekistan Airways” АЖ мутасаддилари ва соҳа ходимлари иштирок этди.

“Airbus A330”  узоқ масофага парвоз қиладиган самолёт бўлиб, унинг салони 266 йўловчига мўлжалланган. Ўриндиқларнинг  18 таси бизнес-класс, 248 таси эконом-класс ўриндиқлари ҳисобланади.

Бугунги кунда мамлакатимизда фуқаро авиацияси тизимида ҳам катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан парвозлар географиясини кенгайтириш, уларнинг самарадорлигини ошириш каби салмоқли ишлар йўлга қўйилди.

Ўтган 2022-йилда авиакомпания 4 миллиондан ортиқ йўловчини ўз манзилига етказган. Ушбу вазифаларни бажариш учун 2022-йилда ҳаво кемаси авиапарки бешта “Airbus A321neo” билан тўлдирилди. Жорий йил охиригача тўртта янги “Airbus A320neo” ва 2029 йилга қадар,  ўн иккита самолёт сотиб олиш тўғрисида шартнома имзоланган.

“Uzbekistan Airways” АЖ нинг ташаббускор режаларини амалга ошириш учун ҳаво кемалари паркини кенгайтириш ва йўналишлар тармоғини кўпайтириш бўйича вазифаларни бажариш консепцияси доирасида “Airbus A330” оиласига мансуб иккита самолётни ижарага олишга қарор қилинди. “Uzbekistan Airways”  ва  “Heston Airlines”  ўртасида тегишли келишувга эришилди.

Компания ҳаво кемалари барча хавфсизлик талабларига жавоб беради ҳамда ўрта ва узоқ масофаларга парвозларни амалга оширади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА