Жорий йилнинг 20 апрель куни Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳом Норқулов ва Германия тараққиёт банкининг Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиё бўйича директори Вероника Гарсия Дел Арко хоним ўртасида учрашув ўтказилди.

Мулоқот чоғида томонлар жорий ва истиқболли лойиҳалар, молиявий ҳамкорлик доирасида стратегик шериклик ва бюджет сиёсатини қўллаб-қувватлаш масалалари ҳақида сўз юритди.

Қайд этиш керакки, KfW – Германия федерал ҳукумати ривожланаётган ва иқтисодиётида ўтиш даври бўлган мамлакатларда инвестициялар ва тегишли консалтинг хизматларини молиялаштиради. Ушбу молиявий ташкилот мамлакатимизда 1993 йилдан буён фаолият юритади ва  иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши ва соғлиқни сақлаш каби соҳаларни молиялаштириб келади.

Учрашувда Вероника Гарсия Дел Арко хоним Германия тараққиёт банкининг юртимиздаги фаолиятини доимий қўллаб-қувватлаётгани учун Ўзбекистон ҳукуматига  самимий миннатдорлик билдирди.

Вазирнинг ўринбосари Илҳом Норқулов меҳмонларни мамлакатимизнинг энергетика сектори, ижтимоий тизим, давлат корхоналаридаги трансформация жараёнлари ва “яшил” иқтисодиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништирди.

Очиқ ва дўстона руҳда ўтган учрашувда томонлар муҳокама қилинган масалалар бўйича қўшма ҳамкорликни давом эттириш ва ўзаро манфаатли лойиҳалар соҳасини кенгайтиришга келишиб олди.

 

 Насиба Зиёдуллаева, ЎзА