Бутун ислом дунёсида бўлгани каби мамлакатимизда ҳам Рамазон ҳайити байрамини юртдошларимиз кўтаринки кайфият, шоду хуррамлик билан нишонламоқда.

Динимизда муқаддас моҳи Рамазон эзгулик, савоб, меҳр-мурувват, саховат ойи саналган. Айни ғоялар ҳам халқимиз миллий дунёқарашида, табиатида устуворлик касб этиши билан аҳамиятлидир.

Ушбу муборак айём арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг  Ўзбекистон халқига Рамазон ҳайити табриги мамлакатимиз маънавий ҳаётида алоҳида аҳамият касб этади.

Зеро, ижтимоий соҳага эътибор, маънавий-маърифий янгиланиш юртимизда бугун кечаётган ислоҳотларда устувор ўрин тутади. Дарҳақиқат, кейинги йилларда миллий анъана ва қадриятларимизни қайта тиклаш, эъзозлаш, асраб-авайлаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Юртимизда яшаб ўтган азиз авлиёларимизнинг пок номларини тиклаш, эзгу фаолиятини  ўрганиш, илмий -маърифий меросини тарғиб этишга оид ишлар янгича маъно-мазмун касб этди.

Фуқароларимизнинг муқаддас Ҳаж ва Умра амалларини эмин-эркин адо этишлари учун барча имкониятлар сафарбар этилмоқда. Қутлуғ Рамазон ойида айниқса, эҳтиёжманд оилалар, кўнгли ярим фуқароларнинг Умра сафарига боришдек орзуси рўёбга чиқди. Ота-онасини муқаддас сафарга юборган юртдошларимиз сафи янада кенгайди.

Ушбу табаррук ойда ижтимоий ҳолати мураккаб хонадонлар, беморлар, кексалар, боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олишга оид савобли ишлар тобора авж олди. Бу йўналишда кўплаб ижтимоий-маърифий лойиҳалар амалга оширилди. Камхарж оилаларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатилди.

Адабиёт, санъат, илм-фан, маърифат ривожига ҳисса қўшган устоз зиёлилар, олимлар, шоир ва ёзувчилар, санъаткорларнинг хотираси ёдга олинди.

Бугун эрта тонгдан республикамиздаги масжидларда ҳайит намози тўла-тўкис адо этилди. Ҳайит намозига йиғилган юртдошларимиз тинч ва осуда заминда яшаётганимиз, хотиржам ибодатлар қилаётганимиз учун яратганга шукроналар айтди.

Энг асосийси Рамазон ойидаги файз, шукуҳ, шукроналик туйғуларидан кўнгилларимиз янада мунаввар бўлди!

 

Назокат Усмонова,  

ЎзА мухбири