Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида Янгиланаётган Ўзбекистон Конституциясининг мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Қонунийлик, суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш масалалари қўмитаси раиси З.Реймова, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, Жўқорғи Кенгес депутати Г.Айимбетова, республика руҳий ва асаб касалликлари диспансери бош шифокори, Жўқорғи Кенгес депутати З.Палуанова сўзга чиқиб, янги таҳрирдаги Конституциянинг мамлакат ва жамият тараққиётида тутган ўрни, унга киритилаётган  янги моддалар инсонлар қадр-қимматини янада юксалтириб, аҳоли фаровонлигига хизмат қилиши, унинг  асосий хусусиятлари ва принципларига тўхталди.

Тадбирда  янгиланаётган бош қомусимизда ёшларга оид бир қатор нормалар ўз ифодасини топаётганлиги қайд этилди. Улар учун алоҳида боб ажратилиб, ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатлари  мустаҳкамланаётганлиги мамлакатимиз ёшларига янада мотивация ва илҳом бағишлаши таъкидланди. Жумладан, депутатлар томонидан киритилаётган 27 та янги модда бўйича батафсил маълумот берилди.

Янги Ўзбекистоннинг янги Конституцияси адолатли жамият барпо этишга хизмат қилиши юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА