Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани ҳокимлиги ташаббуси билан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист Рўзмат Жуманиязовнинг “Янги Ўзбекистонда янги қадамлар” мавзусидаги фотокўргазмаси ташкил этилди.

Унда ижодкорнинг сўнгги йилларда туманда амалга оширилаётган ислоҳотлар, замонавий ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш жараёнлари, таълим, илм-фан, спорт ва маданият соҳаларидаги ютуқлар ҳамда тарих зарварақлари акс этган 200 дан зиёд фотосурати намойиш этилмоқда.

Фотокўргазманинг очилиш маросимида туман ҳокими Сейдамат Авезов  ва бошқалар сўзга чиқиб кўргазманинг аҳамиятини юқори баҳолашди. Қўйилган суратлар аҳоли, айниқса, ёшларни, меҳмонларни давлатимиз раҳбари раҳнамолигида Оролбўйида, шу жумладан, туманда инсон қадрини улуғлаш, инсон розилиги учун амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништиришда муҳим аҳамият касб этади. Миллий қадриятларимизнинг, тинчликнинг қадрига етишга даъват этади.

Тадбирда фотожурналистнинг самарали меҳнати, фидойилиги, ўзига хос касбий маҳорати эътироф этилди.

Фотожурналист Рўзмат Жуманиязов  1947 йил 5 июнда Хоразм вилояти Урганч туманида туғилган. 1964 йилда Хоразм вилояти телевидениесида оператор бўлиб ишлади. ТошДУ нинг филология факультетини тамомлаб, республика ёшлар газетасида адабий ходим, “Известия”,  “Труд” газеталарининг Ўрта Осиё Республикалари бўйича фотомухбири бўлиб фаолият юритди.

1990 йилдан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида Фотоахборот таҳририяти бош муҳаррири бўлиб қарийб 20 йил ижод қилди. Материаллари республика газета ва журналларида чоп этилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти бошчилик қилган делегациялар таркибида 20 дан ортиқ чет давлатда бўлди. Бутун собиқ иттифоқ ва республика фотокўргазмаларида иштирок этиб, диплом ҳамда совринлар билан тақдирланди.

–Қорақалпоғистон Республикаси Эллиққалъа туманининг 30 ва 35 йиллик юбилейларига бағишлаб, фотокўргазмалар очганман, –дейди таниқли фотожурналист Рўзмат Жуманиязов. – Навбатдаги “Янги Ўзбекистонда янги қадамлар” деб номланган кўргазмада асосан сўнгги беш йил мобайнида туманда амалга оширилган ислоҳотлар, аҳолининг фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, турли соҳа вакилларининг фидокорона меҳнати билан танишиш мумкин.

Фотокўргазма ташриф буюрувчиларда алоҳида қизиқиш уйғотмоқда.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА