Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда “Қорақалпоқ худудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти, “Ҳудудгазтаъминот” масъулияти чекланган жамияти Қорақалпоғистон филиали, “Ўзнефтгазинспекция”нинг Қорақалпоғистон бўлими, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Марказий банкнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва тижорат банклари, Инвестициялар, саноат ва ташқи савдо вазирлиги вакиллари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари ўринбосарлари иштирок этди.

Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Н.Ерлепесов, Марказий банк раисининг ўринбосари А.Турдалиев ва бошқалар сўзга чиқиб, тижорат банклари томонидан қуёш панеллари ўрнатишни молиялаштириш учун мавжуд кредит маҳсулотлари, юқорида қайд этилган қарор бўйича ёқилғи қўйиш шохобчаларига қуёш панеллари ўрнатиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишларга тўхталди. Шунингдек, аҳолига ўрнатилган қуёш панеллари бўйича “қуёшли хонадон” дастури ва қуёш панеллари ўрнатган тадбиркорлик субъектларига бериладиган солиқ имтиёзлари тўғрисида батафсил тушунчалар берилди.

Таъкидланганидек, ижтимоий ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳамда иқтисодиёт тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш орқали республика ҳудудларида энергия тақчиллиги қопланишини таъминлаш, бу борадаги ишларни комплекс ташкил этиш ҳамда инвесторлар учун қулай шароитлар ва рағбатлантириш механизмларини жорий қилиш мақсадида 2023 йилда мамлакатимизда умумий қуввати 4 минг 300 МВт бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларини, шу жумладан, 2 минг 100 МВт — йирик қуёш ва шамол электр станциялари, ижтимоий соҳа объектлари, хўжалик субъектларининг бино ва иншоотлари ҳамда хонадонларда 1 минг 200 МВт қуёш панелларини ўрнатиш,  тадбиркорлар томонидан барпо этиладиган 550 МВт кичик фотоэлектр станцияларини ишга тушириш назарда тутилмоқда. Қарор ижроси доирасида қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш, истеъмолчиларни муқобил энергияга ўтказиш ва энергия тежамкор технологияларни жорий қилиш орқали 2023 йилда қўшимча 5 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш ва 4,8 миллиард метр куб табиий газни иқтисод қилиш режалаштирилган. Бу борада Оролбўйида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Тадбирда ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларида, аҳоли хонадонларида кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш, тадбиркорларнинг бино ва иншоотларида ўрнатиладиган қуёш панеллари ҳамда кичик ФЭСларни барпо этиш, фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйларни қайта тикланувчи энергия манбалари билан таъминлаш, республика ҳудудида электр тармоқларидаги йўқотишларни камайтириш борасидаги вазифалар муҳокама қилинди. Шунингдек, йирик саноат корхоналарида ёқилғи-энергия ресурсларини тежашнинг амалий чора-тадбирлари, давлат-хусусий шериклик асосида кўмир когенерацион технологияларини жорий этиш орқали марказлашган иссиқлик энергияси билан таъминлаш бўйича вазифалар белгиланди.

Йиғилишдан сўнг иштирокчиларига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан ташкил этилган қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия тежовчи технологиялар кўргазмаси  намойиш этилди.

Таъминотчилар томонидан етказиб бериладиган маҳсулот турлари, сифати ва афзалликлари тўғрисида маълумот берилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА