Президент соврини учун ўтказиладиган «Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб» танловининг туман босқичига старт берилмоқда.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуоти хизматининг хабар қилишича, жорий йилнинг 19 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентинг соврини учун «Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб» танловининг туман (шаҳар) босқичи ўтказилади. Танловда республика бўйлаб 6 минг 885 та мактаб рўйхатдан ўтган.

Танловнинг биринчи (туман) босқичида мактаб жамоаларининг билимлари А, Б ва С бўлимлардан иборат бўлган 3 йўналишда: грамматика, ўқиб тушуниш ва луғат бойлиги бўйича синовдан ўтказилади.

Туман (шаҳар) босқичида умумий натижаларга кўра энг юқори балл тўплаган мактаб ғолиб деб, топилади ҳамда кейинги босқич (вилоят босқичи)га йўлланмани қўлга киритади. Бундан ташқари, 1-, 2- ва 3-ўринларни эгаллаган мактаблар совриндор деб топилиб, мос равишда 100 миллион, 75 миллион ва 50 миллион сўм миқдорида Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини билан мукофотланади.

Муҳайё Тошқораева,ЎзА