Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати агентлигидан маълум қилинишича, жорий йилнинг 15-17 апрель кунлари Ўзбекистон ҳудудига совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келади.

15 апрелда республика ҳудудида, 16 апрелда Тошкент вилояти ва Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши, айрим жойларда дўл ёғиши мумкин.

15-17 апрелда республика ҳудуди бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 17-22 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши кутилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси,  Хоразм,  Бухоро,  Навоий, Фарғона

вилоятларида шамол тезлиги  25-28 м/с гача кучайиши мумкин.

17 апрель куни ҳаво ҳарорати кечаси 2-7 даража, кундузи 10-15 даража илиқгача пасаяди.

16-17 апрель кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти ва Навоий вилояти шимолида ҳарорат 0-5 даража илиқгача, баъзи жойларда -1….-3 даража совуқгача пасайиши мумкин, кундуз кунлари 7-12 даража илиқгача пасаяди.

15-17 апрель кунлари республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида ёғингарчилик (ёмғир ёғади, баланд тоғларда қорга айланади) бўлади, сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Тоғолди ва тоғли ҳудудларда яшовчи фуқаролар, дам олувчилар ва ҳайдовчилардан эҳтиёт чораларига риоя этишлари  сўралади.

ЎзА