Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи 1-Қорақалпоғистон округ комиссияси Матбуот марказида тадбир ўтказилди.

Тадбирда  округ комиссияси раиси У.Жалменов жорий йилнинг 30 апрелида ўтказиладиган сиёсий жараён,  “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни бўйича референдумни ўтказиш ва унга тайёргарлик кўриш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар ҳақида оммавий ахборот воситалари вакилларига ахборот берди.

Мазкур сиёсий жараённинг очиқ ва ошкора ўтишини таъминлашда, унга тайёргарлик жараёнларини кенг ёритиб боришда оммавий ахборот воситаларининг ўрни муҳимлигини, бу борада журналистларга ахборотларни тезкор етказиш мақсадида 1-Қорақалпоғистон округ комиссиясининг биринчи йиғилишида Округнинг матбуот маркази ташкил этилгани ва унинг тадбирлар режасига мувофиқ, бугунги матбуот анжумани ташкил этилганини таъкидлаб ўтди.

Қайд этилганидек, референдумга тайёргарлик кўриш ишлари қизғин паллага кирмоқда. 1-Қорақалпоғистон округ комиссиясининг 19 нафар аъзосининг 74 фоизи аввал ҳам шу каби сиёсий тадбирни ўтказиш бўйича тажрибага эга инсонлардир. Округ ҳудудида 547 та участка мактаб биносида, 32 та участка профессионал таълим муассасаси биносида, 13 та участка олий таълим биносида, 3 та участка маҳалла гузарида, 3 та участка ҳарбий қисмларда, 8 та участка шифохоналарда, 14 та участка давлатга қарашли корхона ва ташкилот биноларида, 29 та участка маданият ва спорт марказлари биноларида, 2 та участка адлия ва давлат хизматлари марказида, 2 та участка тадбиркорларга тегишли биноларда тузилган.

Ташкил этилган участкаларнинг жойлашуви тўғрисидаги Округ комиссияси қарори “Еркин Қарақалпақстан” газетасида қорақалпоқ тилида, “Қорақалпоғистон тонги” газетасида ўзбек тилида ва “Вести Каракалпакстана” газетасида рус тилида чоп этилди. Участка комиссияси раиси, раис ўринбосари ва комиссия котиблигига тавсия этилган жами 1 минг 957 нафар номзод референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш концепциясига мувофиқ, жорий йилнинг 23-30 март кунлари ўтказилган ўқув машғулотларида 67 нафар тренер томонидан ўқитилди. Таъкидлаш керакки, ўқув машғулотлари учун зарур ўқув-қўлланмалар ўз вақтида ўзбек ва қорақалпоқ тилларида тингловчиларга етказиб берилди.

Референдум ўтказувчи участка комиссияси аъзолигига номзодлар халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари томонидан Округ комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилди. Номзодларнинг қўйилган талабларга жавоб бериши жиҳатидан ҳар томонлама ўрганиб чиқилиб, барча 653 та референдум участкасининг комиссияларига 7 минг 931 нафар участка комиссияси аъзоси тасдиқланди. Референдум ўтказувчи участка комиссияси аъзоларининг 77,8 фоизи аввал сайлов жараёнларида қатнашганлар бўлса, 75,7 фоизи олий маълумотлилар ва 14 фоизга яқини 30 ёшгача бўлган ёшлардир.

1-Қорақалпоғистон округ комиссияси Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2022 йил 28 июндаги қарори билан тасдиқланган “Референдум округлари ҳамда референдум ўтказувчи округ комиссиялари тўғрисида” ги Низом ва унда белгиланган аниқ мезонлар асосида иш олиб бормоқда.  Мазкур низомда белгиланган меъзонларга кўра, Округ комиссияси аъзолари 7-8 апрель кунлари ҳудудларга чиқиб, участка комиссиялари фаолиятини ўрганди ҳамда уларга услубий маслаҳатлар берди. Икки кун давомида жами 653 та участка комиссиясидан 202 тасининг фаолияти ўрганиб чиқилди.

Эътиборлиси, комиссия аъзолари томонидан энг олис ва чекка ҳудудлардан ҳисобланган Тахтакўпир туманидаги “Қоструба”,  Тўрткўл туманидаги “Кўкча”, “Пахтаобод” ҳамда Мўйноқ туманидаги Нукус шаҳридан 220-270 км узоқликда жойлашган участкаларнинг референдумга тайёргарлик жараёнлари ўрганилган. Ўрганиш натижаларига кўра, жойларда аксарият участка комиссиялари томонидан ўз фаолияти талаб даражасида ташкил этилган, ўқув машғулотлари ўтиши учун зарур шароитлар яратилган, адабиёт ва видеоматериаллар барча участка комиссиялари учун етказиб берилган.

Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакиллари сиёсий жараённи ўтказиш ва унга тайёргарлик кўриш ишлари бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА