Президентнинг “Тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони доирасида экспортчи корхоналарни очиқ танлов орқали саралаб, уларни етакчи экспортёрларга айлантириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича “Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти” дастури амалга оширилиши кўзда тутилган.

Ушбу дастур бўйича бугунгача амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди.

Маълум қилинишича, бугунги кунга қадар дастурга киритилган экспортчи корхоналарнинг 44 тасига 101 млрд сўм қўшилган қиймат солиғи тезлаштирилган тартибда 7 кун ичида тўлиқ қайтарилган. 9 тасига экспортолди молиялаштириш мақсадида Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 6,3 млн доллар миқдорида молиявий ресурслар ажратилган.

Бундан ташқари сараланган мазкур экспортчиларнинг мурожаатларига асосан:

— халқаро стандартни жорий қилиш ва сертификатни олиши учун уларга 30 минг АҚШ долларгача молиявий ёрдам тақдим этилади;

— айланма маблағларини тўлдириш учун кредит олишида тижорат банкларига экспорт шартномаларини гаров таъминоти сифатида қабул қилинади;

— бизнес жараёнлар, экспорт ҳажмини ошириш ва маркетинг тадқиқотларини амалга ошириши учун хорижий маслаҳатчилар жалб қилинади.

Жорий йил бошидан мазкур корхоналар томонидан жами 190 млн долларлик экспорт ҳажмлари таъминланди.

2023 йил 1 июлига қадар экспортчи корхоналар сони очиқ танлов орқали 200 тага етказилиши кўзда тутилган.

М.Эшмирзаева, Д.Якубов  (видео), ЎзА