Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “2023 йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон имзоланди.

Мазкур фармонда уй-жой қурувчи ташкилотлар учун ҳам бир қанча енгилликлар берилаётгани кўрсатилган. Жумладан:

-Қурилиш ташкилотларига кўп квартирали уй-жойларни қуриш учун 18 ойгача муддатга 14 фоиз ставкада кредитлар ажратилади.

-Пудрат ташкилотларига қурилаётган уй-жойларни қаватма-қават гаровга қўйиш ва ҳар битта қават учун кредит олиш ҳуқуқи берилди;

Ҳозирги кунга қадар уй томи ёпилганидан кейин уни гаровга қўйиш ва кредит олиш мумкин эди;

-банклар ўз ҳисобидан берадиган кредитларини давлат томонидан қайта молиялаштириш амалиётини давом эттирилади.

Бунда, қуриб битказилмаган уйни сотиб олиш учун фуқаро банкдан 24-26 фоиздан кредит олади ва уй битгунига қадар (1-2 йил давомида) тўловларни ушбу фоиздан амалга оширади. Уй битганидан кейин ушбу кредит давлат томонидан қайта молиялаштирилиб, 18 фоизлик кредитга айланади.

– Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан қурувчиларга кафиллик ва компенсация тўлаш тартиби узайтирилди. Бунда, компенсация – ҳар бир уй-жой учун кредитнинг 5 млрд сўмидан, кафиллик – 2,5 млрд сўмидан ошмаган миқдорига берилади.

-2025 йил 1 январга қадар юқори маркали цемент, арраланадиган ёғоч, фанера, тахтадан ясалган опалубка ва ойнани импорт қилишда божхона божининг “0” ставкаси қўлланилади;

ЎзА