Гулистон шаҳрида халқ депутатлари Сирдарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилояти ҳокими лавозимига Акмалжон Маҳмудалиев номзодини тавсия этди.

А.Маҳмудалиев 1974 йилда туғилган. Кўп йиллар давлат идораларида ишлаб, катта тажриба орттирган. Фарғона вилоятининг Учкўприк тумани ҳокими, Навоий вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимларида фаолият юритган. У ўтган йил ноябрдан буён Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажариб келмоқда.

Номзод лавозимга тасдиқланишдан аввал унинг режалари эшитилди. Акмалжон Маҳмудалиев вилоятда тадбиркорлик, саноат, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш бўйича режаларини маълум қилди.

Давлатимиз раҳбари бу таклифларни амалга ошириш юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

Тақдимотдан сўнг вилоят кенгаши депутатлари номзоднинг режалари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Ташкилий масала овозга қўйилди. Унинг натижаларига кўра, Акмалжон Маҳмудалиев Сирдарё вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди.

ЎзА