Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасида оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқ ва сайтлар вакиллари, журналист ва блогерлар учун матбуот анжумани ҳамда пресс-тур ташкил этилди.

Унда республика прокуратураси, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармалари раҳбар ходимлари иштирок этди.

Анжуманда сўзга чиққанлар республика прокуратураси органлари томонидан 2022 йилда ижтимоий-иқтисодий, вояга етмаганлар ва хотин-қизлар масаласи, шунингдек, жиноий, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар кўрилишида судларда прокурор ваколатини таъминлаш борасидаги ишларга тўхталди. Шунингдек, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ва уларга қарши курашиш, тезкор-қидирув ва тергов фаолиятини мувофиқлаштириш, коррупцияга қарши кураш, мурожаатларни кўриб чиқиш  ва бошқа йўналишлардаги ишлар қайд этилди. Шу билан бирга, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармалари томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берилди.

Матбуот анжуманида журналист ва блогерлар ўзларини  қизиқтирган саволларига жавоб олди. Шунингдек, иштирокчилар прокуратурада жисмоний ва юридик шахслар қабулини ташкил этиш учун яратилган шароитлар, республика 2-сектори томонидан амалга  оширилган ишлар ҳамда прокуратура тарихи музейи фаолияти билан яқиндан таништирилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири