Президент раислигида «Янги Ўзбекистон” массивларида уй-жой қурилиши ва 2023 йил учун ипотека дастурини амалга ошириш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Бугунги кунда янги уй-жойлар ўзимизда ишлаб чиқарилаётган қурилиш материалларидан қурилмоқда.

Лекин, қурилишларнинг сифатига таъсир қилувчи темир-бетон ишлаб чиқарувчи 3 мингга яқин корхонанинг ярмида лаборатория йўқ. Ўтган йили уй-жой қурилишида темир-бетон, девор конструкциялари ва пайвандлаш ишлари сифатсизлиги бўйича 1 мингдан ортиқ ҳолат аниқланган.

Шу боис, мутасаддиларга барча темир-бетон корхоналарида замонавий лабораториялар ташкил қилиш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлаш топширилди.

Сўнгги ойларда дунёда ҳам, минтақамизда ҳам сейсмик фаоллик кузатилаяпти. Шу боис, 1 майдан бошлаб:

– қурилиш бошланишидан олдин танланган ер участкаларида муҳандислик-геологик экспертиза ўтказиш мажбурий бўлади;

– кўприк, туннел, кўп қаватли бинолар каби сейсмик хавфсизлик талаблари юқори бўлган бино-иншоотларни қуриш фақат Қурилиш-пудрат ташкилотлари электрон рейтингида “А” ва “Б” тоифага эга бўлган корхоналар томонидан амалга оширилади.

Ёғингарчилик шаҳарларнинг дренаж тизими ёмон аҳволга келиб қолганини яққол кўрсатаётгани таъкидланди. Қурилиш вазирлиги ва Тошкент шаҳри ҳокимлигига икки ҳафта муддатда ушбу масаланинг ечими бўйича дастур қабул қилиш ва амалга ошириш топширилди.

Йиғилиш давомида кун тартибидаги масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти тингланди.

ЎзА