Президент раислигида «Янги Ўзбекистон” массивларида уй-жой қурилиши ва 2023 йил учун ипотека дастурини амалга ошириш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Маълумки, Президент ташаббуси билан Тошкент вилоятида “Менинг биринчи уйим” дастури бошланади.  

Шу мақсадда Қурилиш вазирлиги ҳузурида махсус уй-жой компанияси ташкил этилади. Унга Зангиота туманидан 36 гектар ер майдони ажратилиб, ушбу ҳудудни комплекс ривожлантириш лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Ушбу ҳудудда 2,5 минг оилага мўлжалланган, барча стандартларга жавоб берувчи қулай ва энергия тежамкор 58 та кўп қаватли уй-жой барпо этилади.

Ушбу уйлардаги 2  ва 3 хонали хонадонлар учун ойлик тўлов миқдори амалдаги субсидияли ипотека тўловларидан арзон бўлади.

Қурилиш вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлигига бир ҳафта муддатда “Менинг биринчи уйим” шаҳарчасининг мастер режасини якунлаш, лойиҳани экспертлар ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш топширилди.

ЎзА