Юртимизнинг барча ҳудудида янгиланаётган Конституциямиз мазмун-моҳияти ва аҳамиятига бағишланган тарғибот тадбирлари уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда. Ана шундай тадбирларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам фаол иштирок этиб, янги таҳрирдаги Бош қомусимизда акс этаётган янгиликларни аҳоли вакилларига тушунтирмоқда.

Нукус шаҳридаги 2-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган ташвиқот тадбирида Қонунчилик палатаси депутати Руслан Жумамуродов иштирок этиб, Бош қомусимизнинг мазмун-моҳияти ва унга киритилаётган ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.

– Янги таҳрирдаги Конституцияда ёшларнинг таълим олиши, ижтимоий ва тиббий ҳимояси, уй-жойли бўлиши, бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш – давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида киритиляпти. Давлат шу орқали ўз зиммасига муҳим мажбуриятларни олмоқдаки, мазкур нормалар, нафақат ёшлар манфаати, балки бутун жамиятимиз ва мамлакатимизнинг келгуси тақдири учун муҳимдир. Бундан ташқари, Бош қомусимизда ота-оналарнинг ўз фарзандларини вояга етгунига қадар нафақат боқиш ва тарбиялаш, балки уларнинг таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши учун ҳам ғамхўрлик қилиши белгиланмоқда, – деди депутат.

Тадбирда мактаб ўқитувчилари ҳам сўзга чиқиб, юртимизда устоз-мураббийларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, ўқитувчиларга муносабатни тубдан ўзгартириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилганини таъкидлади. Янгиланаётган Конституциямизда бу борада ҳам янги нормалар ўз аксини топаётганини мамнуният билан эътироф этди.

Яна шундай учрашувларнинг навбатдагиси Нукус тумани 6-умумтаълим мактабида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Лейли Сейтова иштирокида бўлиб ўтди.

Тадбирда депутат иштирокчиларни янгиланаётган Конституциямизда ўрин олган экологияга оид нормалар билан таништирди.

– Бугунги кунда экологик муаммолар жиддий тус олмоқда. Статистик маълумотларга кўра, сўнгги уч йилда автомобиллар сони 1,3 миллионга кўпайиб, 3,6 миллионга етган бўлса, ҳар йили атмосфера ҳавосига 2,2 миллион тонна саноат ва транспорт ташланмалари чиқарилаётгани ушбу масала тобора долзарб аҳамият касб этаётганидан далолат бермоқда. Шу муносабат билан янги таҳрирдаги Конституцияда «давлат атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чораларни амалга оширади, фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади», деган норма мустаҳкамланмоқда. Шунингдек, ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланмоқда.

Тарғибот тадбирларида фуқаролар, турли соҳа вакиллари янги таҳрирдаги Конституция нормалари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

М.Комилова, ЎзА