Европа парламентининг Марказий Осиё мамлакатлари ва Мўғулистон билан алоқалар бўйича делегацияси раиси Фульвио Мартушелло раҳбарлигидаги делегация Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида профессор-ўқитувчилар, талабалар билан учрашди.

Дастлаб меҳмонларга мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, мавжуд таълим тизими ҳақида батафсил маълумот берилди, университетда мавжуд ўқув йўналишлари ҳақида тушунча берилди. Айни кунларда юртимизда кечаётган муҳим жараён – Конституциявий ислоҳот, референдум олди тадбирларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Европарламент вакиллари бугунги талабалар фикри билан қизиқди, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик ривожи айнан шу ёшларимизга боғлиқлигини таъкидлади.

Учрашувда хорижий университетлар билан, “erasmus-plus” дастури асосида, илмий изланишлар борасида шерикликни йўлга қўйиш бўйича мулоҳазалар билдирилди.

Делегация аъзолари талабалар билан суҳбат давомида берилган саволларни тинглаб, ўғил-қизларимизнинг салоҳияти, дунёқарашига юқори баҳо берди.

– Ўзбекистонга 25 йил олдин ҳам келгандим, – деди франциялик мутахассис Тьерри Мариани. – Ўтган вақт давомида мислсиз ижобий ўзгариш юз берганига гувоҳ бўлдим. Маълумки, GSP+ аъзолиги мамлакатингизга бенефициар мақомини тақдим этади. Бу бир томондан қулай имконият, бошқа томондан улкан масъулият. Қайд этиш керак, ҳозир GSP+ бўйича муваффақиятли иш олиб бориляпти. Европа Иттифоқи – Ўзбекистон савдо айланмаси 60 фоиз ўсган. Қолаверса, университетлар ўртасида, сиёсий, техникавий ва таълим бўйича кўп томонлама ҳамкорлик самарали йўлга қўйилган. Умуман, Марказий Осиё нафақат биз, балки бутун дунё учун жуда муҳим ҳудуд ҳисобланади. Ҳозирча минтақа мавжуд салоҳияти, имкониятини тўлиқ намоён этмаган. Ҳар икки томон учун манфаатли турли лойиҳаларни амалга ошириш мумкин. Сўзим якунида яқинда юртингизда бўладиган сиёсий жараён – референдум масаласига ҳам тўхталиб ўтсам. Биз айни муҳим воқеага жиддий эътибор қаратяпмиз. Янги конституция орқали республикада инсон ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг янги ҳуқуқий асоси яратилади.

Самимий руҳда, қизиқарли ўтган учрашув чоғида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга Европарламент вакилларидан жавоб олдилар.

Гўзал Сатторова, ЎзА