“Эл-юрт умиди” жамғармаси кўмагида 2018-2022 йилларда 1 минг 626 нафар стипендиатларнинг бакалавриат, магистратура ва докторантура дастурлар доирасида илғор мамлакатларнинг нуфузли университетларида таҳсил олиши ташкил этилди.

118 нафар “Эл-юрт умиди” жамғармаси битирувчи стипендиатлари нуфузли хорижий олий таълим муассасаларининг илғор билим ва кўникмаларини ўзлаштириб келиб бугунги кунда устувор соҳалар бўйича фаолият олиб бормоқда.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган брифингда Жамғарма ахборот хизмати раҳбари Маъруфжон Жумаев соҳага тегишли маълумотларни тақдим этди.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, Жамғарманинг 500 нафардан ортиқ стипендиатлари АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония, Канада, Италия, Испания, Жанубий Корея каби ривожланган мамлакатларнинг глобал академик рейтингларда ТОП-300 таликка кирган нуфузли университетларида таълим олмоқда.

Шунингдек, жорий йилнинг 1 апрель санасидан “Эл-юрт умиди” жамғармаси 500 ўринга мўлжалланган 2023 йилги 1-очиқ стипендия танловини эълон қилди. Танловда бакалавриат таълим дастури учун 75 ўрин, магистратура таълим дастури учун 275 ўрин, докторантура таълим дастури учун 150 ўринга стипендиялар ажратилган.

Номзодларнинг ҳужжатлари 2023 йил 1 апрелдан – 1 майга қадар, республиканинг барча ҳудудлари вакиллари учун ягона тартиб ва тенг имконият асосида, онлайн режимда ва электрон тарзда қабул қилинади. Саралаш босқичлари 2023 йил 1 майдан 1 июнга қадар давом этади.

Жамғарма таълим дастурлари бўйича ўқиш муддатлари бакалавриат таълим дастури бўйича 3 – 4 йил, магистратура 1 – 2 йил, докторантура таълим дастури бўйича 1 – 4 йилни ташкил қилади. Очиқ стипендия танловини ўтказиш 2 босқичдан иборат бўлиб, 1-босқичда қабул қилинган ҳужжатларнинг белгиланган талабларга мослиги юзасидан саралаш ўтказилади.

Танловнинг 2-босқичи иккита қисмдан иборат бўлиб, 1-қисмда ўқиш саводхонлиги, таҳлилий фикрлаш, IQ (бакалавр учун) ва илмий мақола ёзиш кўникмаси (магистратура ва докторантура учун) йўналишлари бўйича ўзбек тилида тест синовлари ўтказилади. 2-қисмда тест синовларидан юқори балл тўплаган номзодларнинг хорижда таълим олишдан кўзланган мақсади ва олинган билимларни Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари, номзодларнинг маънавий-ахлоқий тафаккури, танлаган мутахассислиги бўйича билим даражаси суҳбат орқали экспертлар томонидан баҳоланади.

Комиссия томонидан суҳбат (танловнинг 2-босқичи) жараёни ва савол-жавоблар учун 30 (ўттиз) дақиқагача вақт ажратилади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА