Вақтли матбуотни кузатиб, газеталар кундалик ҳаётимизнинг ажралмас бир бўлагига айланиб улгурганини ҳис этиб турамиз.

“Янги Ўзбекистон”да Президент Шавкат Мирзиёевнинг 3 апрель куни Франция Президенти маслаҳатчиси Изабель Дюмонни қабул қилгани тўғрисидаги хабар, шунингдек, 3 апрель куни давлат раҳбари раислигида ўтган ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини модернизация қилиш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишланган йиғилиш шарҳи эътиборли.  Оғизбирчилик фалсафаси, қайта тикланувчи энергетика, ободлик – фаровонлик, солиқчи – халқ хизматкори каби саҳифаларда бугунги ҳаёт шиддати, манзаралари акс этган. “Томорқасидан хазина топган деҳқон”, “Улар асло кам эмас – давлат ғамхўрлиги шундан далолат бераётир” мақолалари, Мотурудия таълимотига асосланган “Инсон ақл-заковатининг ўрни ва аҳамиятига юксак эътибор. Башарият бугунги кунда ҳам бундай ғояларга катта эҳтиёж сезмоқда” каби саҳифа ҳам муҳим ва долзарб.

“Халқ сўзи”да ҳам давлат раҳбари иштироки билан боғлиқ саҳифа, шарҳ эълон қилинган. Газетанинг бугунги сонида бир қатор муҳим масалаларга эътибор қатратилгани диққатни тортади. “Бош Қомусда ҳар бир шахс ўз ҳимояси ва манфаатини кўраётир”, “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолати янада кучайтирилди” каби мақолаларда янгиланаётган Конституция ва инсон қадри хусусида сўз боради. Биз ва жаҳон саҳифасида берилган “Токиода Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларга бағишланган давра суҳбати…”, “Европалик депутатлар ўзгаришларни юқори баҳолашди” каби саҳифаларда Бош Қомусимизда акс этаётган ўзгаришларга ташқи дунё муносабатини кўрамиз. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Алининг Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган кун муносабати билан эълон қилган “Буюклик шукуҳи” эссеси ўқувчини бефарқ қолдирмайди.

Бугунги газеталарни ўқинг.

                                                                                               ЎзА