Сўнгги кунларда Тошкент шаҳар Халқлар дўстлиги санъат саройи яқинида қурилаётган бинонинг тепа қисми қийшиқ қурилаётгани айтилган видео ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Бунга Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги муносабат билдирди.

Қайд этилишича, мазкур объект замонавий архитектура намунаси сифатида ўзига хос дизайн асосида лойиҳалаштирилган бўлиб, бу бино конструктив элементларида камчиликлар борлигини англатмайди. Қурилиш ишлари белгиланган талаб ва меъёрлар асосида амалга оширилмоқда.

Хусусан, тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари темир-бетон конструкциялар бўлимининг ечимларига асосан 23-қаватдан 26-қаватгача К-4 ва К-5 қуйма темир-бетон устунлар эгилган ҳолда лойиҳалаштирилган ҳамда бу қурилиш меъёрлари ва қоидаларига асосан бажарилган.

Ишчи лойиҳа ҳужжатлари «МБ СТУДИО» МЧЖ томонидан ишлаб чиқилганидан сўнг ушбу ҳудуд сейсмикасига ёндашган ҳолда текширилган ва 2021 йил 16 мартда бу борада ҳам ижобий хулоса олинган.

Ш.Маматуропова, ЎзА