Бугун АОКАда ўтказилган брифингда қурилиш материаллари соҳасида кадрлар тайёрлаш масалалари таҳлилига асосий эътибор қаратилди.

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Жамшид Шерметовнинг маълумот беришича, мазкур соҳада умумий банд ходимлар сони 140 минг нафарни ташкил этади. Шундан 7 минг нафари маъмурий бошқарув ходимлари, 21 минг нафари (15 фоиз) муҳандис ва технологлар, 112 минг нафари ишлаб чиқариш ходимлари ҳисобланади.

–Қўшимча ишчи ресурсларига эҳтиёж 50 минг нафарни ташкил этади, – деди Ж.Шерметов. – Шундан, 40 минг нафар ўрта махсус маълумотли мутахассислар, яъни цемент майдаловчи, клинкер куйдирувчи, машинист, кончи, тоштарош, шишасоз, оператор ва бошқалар. 10 минг нафари олий маълумотли мутахассислар бўлиб, улар кимёгар технолог, муҳандис, энергетик кабилардир. Бугунги кунда республикамизнинг 21 та олий таълим муассасаларида соҳага кадрлар тайёрланмоқда.

Республикадаги муҳандис-техник йўналишдаги олийгоҳлар томонидан ҳудудлар эҳтиёжидан келиб чиқиб, аниқ йўналиш ва тармоқ учун хорижий олийгоҳлар билан бирга, муҳандис ва технологлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Жумладан, Тошкент архитектура-қурилиш институти тармоқда Туркиянинг ихтисослашган олийгоҳларини жалб этган ҳолда муҳандис ва технологлар тайёрлайди. Эътиборлиси, 2026 йилга қадар қурилиш материаллари соҳаси учун 10 минг нафар олий маълумотли мутахассислар – кимёгар технолог, муҳандис, энергетиклар тайёрланиши кўзда тутилган.

Қайд этилганидек, мамлакатимизнинг 16 та профессионал таълим муассасасида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноати бўйича мутахассислар тайёрлаётган касб-ҳунар мактаблари ва коллежлар билан ҳамкорликда 2026 йилга қадар 40 минг нафар ўрта-махсус маълумотли мутахассислар ва ишчилар тайёрланишига эришилади. Шунингдек, бу борада уюшма бир қатор ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилмоқда.

Брифингда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан 2019/2020 ўқув йили учун 82 нафар, 2020/2021 ўқув йили учун 48 нафар, 2021/2022 ўқув йили учун 10 нафар, 2022/2023 ўқув йили учун 22 нафар ходимга 62 та тегишли тавсиянома берилгани ва улар олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилингани ҳақида ҳам маълумот берилди.

 

Насиба Зиёдуллаева,  

ЎзА