Ўзбекистонда кейинги йилларда барча соҳалар каби ўсимликларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш соҳасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда.

Хусусан, ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқарув тизими такомиллаштирилди. Фитосанитар ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, минерал ўғит ва кимёвий воситаларни етказиб бериш ва хизмат кўрсатиш тизими хусусий секторга ўтказилди.

Ташқи бозорда маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш ва мамлакат экспорт салоҳиятини кенгайтириш, минерал ўғитлар ва агрокимёвий хизматлар сифатини ошириш мақсадида зарур ишлар амалга оширилмоқда.

Сенатнинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан “Ўсимликларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш усуллари” мавзусида ташкил этилган семинарда шу ҳақда сўз юритилди.

Семинарда ўсимликларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш самарадорлигини оширишда экин туридан келиб чиқиб, уйғунлашган кураш чоралари босқичма-босқич амалиётга жорий қилинаётгани таъкидланди.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти олимлари билан биргаликда ҳар бир экин тури бўйича қишлоқ хўжалиги экинларининг асосий зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларга қарши курашишнинг мақбул муддатини ўз вақтида белгилашда ҳамда уларга қарши курашиш (IPM) дастурини кенг жорий қилишда оммабоп тавсиялар (флаерлар) ишлаб чиқилган.

Шунингдек, кластер, фермер-деҳқон хўжаликлари ҳамда аҳоли томорқа экин майдонларида зарарли организмларнинг тарқалиши бўйича прогнозлар тайёрланиб, ер эгаларига етказилган.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи юридик ва жисмоний шахслар билан 2023 йилда республикада мавжуд 636 биолабораториялар томонидан 2 минг 755 гектар майдонга биологик хизматлар кўрсатиш бўйича шартномалар тузилган.

 

ЎзА