Буюк Британия Қироли Карл III нинг 26-29 март кунларига режалаштирилган Францияга ташрифи республикада пенсия ислоҳотига қарши намойишлар туфайли қолдирилди. Бу ҳақда Елисей саройи маълум қилди.
“Францияда 28 март янги миллий ҳаракат куни белгилангани муносабати билан пенсия ислоҳотига қарши намойишлар ўтказилиши мўлжалланган, шу сабабли Қирол Карл III нинг мамлакатга ташрифи қолдирилди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, бу қарор Франция Президенти Эммануэль Макрон ва Буюк Британия монархи ўртасидаги телефон суҳбати якунлари бўйича қабул қилингани айтилади.
Елисей саройи ташрифнинг кечиктирилишини “Карл III ни икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларга мос шароитларда қабул қила олиш” зарурлиги билан изоҳлади.
“Ташриф икки томон учун ҳам энг мақбул вақтда амалга оширилади”, дейилади баёнотда.
Шундай қилиб, Карл III нинг Британия тахтига ўтирганидан сўнг ташриф буюрадиган биринчи давлат энди Германия бўлади. Унинг Берлинга сафари 29 мартга белгиланган.
ЎзА