18-19 апрель кунлари Вена шаҳрида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти шафелигида Одам савдосига қарши кураш бўйича альянснинг 23-конференцияси ўтказилади.

Ушбу тадбир доирасида соҳага оид турли тарғибот-ташвиқот видео роликлари суратга олиниб, намойиш этилмоқда. Тарғибот учун одам савдосига қарши курашнинг турли йўналишларда етакчи бўлган ЕХҲТга аъзо 5 мамлакат танлаб олинган.

Хусусан, Ўзбекистон – мажбурий меҳнатга барҳам бериш, Норвегия – жинсий эксплуатацияга қарши кураш, Германия – инсон ҳуқуқини лозим даражада таъминлаш, Кипр – самарали молиявий текширув ўтказиш, Грузия – одам савдосига қарши кураш бўйича тренинг ташкил этишда намуна сифатида кўрсатилмоқда.

Мамлакатимизда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳот, эришилган салмоқли ютуқларни инобатга олиб, мазкур тарғибот кампаниясига Венадаги дипломатик ваколатхонамиз раҳбари Абат Файзуллаев ҳам таклиф этилди ва унинг иштирокида мавзуга оид қисқа метражли видео лавҳатайёрланди.

– Ўзбекистон мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатининг ҳар қандай шаклига барҳам бериш, барча учун меҳнатни муносиб рағбатлантиришга қаратилган ислоҳотни амалга ошириш учун зарур сиёсий ирода ва ресурс тўплади, – дейилади видеороликда. – Республикада айни йўналишда кўплаб амалий ишлар қилинди, келажакда, жумладан, ЕХҲТ билан бу борадаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланади. Миллий даражада одам савдосига барҳам бериш учун қандай ечим яратиш мумкинлигини муҳокама қилиш мақсадида Aльянснинг бу йилги конференциясида иштирок этинг.

Мазкур видеоролик ЕХҲТнинг ижтимоий тармоқдагирасмий саҳифаларида айланмоқда.

ЎзА