22 март куни Нью-Йоркда БМТ шафелигида сув ресурслари бўйича анжуман иш бошлади. Мазкур тадбир 2030 йилгача тоза ичимлик суви ва санитария хизматидан фойдаланиш йўлидаги тараққиётни жадаллаштиришга қаратилган.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш барча ҳукумат раҳбарларини сувдан одил ва оқилона фойдаланишга қаратилган режани ишлаб чиқиш ва амалга оширишга чақирди. Сув таъминоти ва санитария тизимига сармоя киритишни тавсия қилди. Бош котиб фикрича, бугунги кунда табиий офатга бардош бера оладиган қувурлар ишлаб чиқаришга, таъминот ва инфратузилмага, сув тозалаш иншоотларига сармоя киритиш, сувни қайта ишлаш ва сақлашнинг янги усулларини жорий қилиш зарур. Шу билан бирга ҳавога чиқаётган метан чиқиндисини, сув истеъмолини камайтириш мақсадида озиқ-овқат тизимини яхшилаш ҳам зарурлиги, сув тақчиллиги иқлим ўзгариши муаммосини ҳал этишни талаб қилиши қайд этилди.
БМТ маълумотига кўра, ҳозир дунё миқёсида 2 миллиард киши тоза ичимлик сувидан фойдалана олмайди, 3.6 млрд инсон хавфсиз санитария шароитига эга эмас.
Г. Абдуллаева, ЎзА