Туркиянинг амалдаги Президенти Режеп Таййип Эрдоған ҳукуматнинг барча вазирлари 14 май куни бўлиб ўтадиган парламент сайловларида иштирок этишларини маълум қилди. “NTV” телеканали унинг сўзларидан иқтибос келтириб, “ўша куни ўтказиладиган президентлик сайловларида ҳам ғалаба қозонишига шубҳа қилмаслигини” қайд этди.
“Барча дўстларимизга у ёки бу вилоятлардаги сайловларда ўз номзодларини қўйиш ҳуқуқини бердик. Вазирлар Маҳкамасининг барча 17 аъзоси номзод бўлади, ҳатто вице-президент Фуат Октай ҳам парламент депутатлигига номзодини қўяди”, деди Эрдоған.
“14 май кунги сайловларда Республикачилар альянси (ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси ва Миллий ҳаракат партияси) ғалаба қозонишига асло шубҳа бўлмаслиги керак”, деб қўшимча қилган давлат етакчиси.
Ижтимоий сўров натижаларига кўра, президентлик сайловларида Эрдоғанга бош мухолифат партия етакчиси Камол Қиличдорўғли рақиб бўлади.
Шунингдек, мутахассислар сайловлар икки турда ўтишини истисно қилмаяптилар.
ЎзА