Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 23 мартдаги қарори билан Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган айрим тоифадаги шахсларга нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Унга кўра, қуйидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги шахсларга нафақаларни тайинлаш тартиблари белгиланди:

— ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларга;

— ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача боланинг парвариши билан банд бўлган қонуний вакилга;

— давлат пенсиясини тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга;

— давлат пенсиясини олиш ҳуқуқига эга бўлмаган вафот этган шахснинг қарамоғидаги оиланинг меҳнатга лаёқатсиз аъзоларига;

— давлат пенсиясини тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги шахслар ҳамда болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор (бўлган) оналарга.

Қуйидаги нафақалар тайинланади:  

— ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларга ногиронлик нафақаси;

— парваришлаш нафақаси;

— ногиронлик нафақаси;

— боқувчисини йўқотганлик нафақаси;

— ёшга доир нафақа.

Ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларга нафақа ҳамда парваришлаш нафақаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан «проактив шакл»да тайинланади.

Ногиронлик, боқувчисини йўқотганлик ва ёшга доир нафақалар тайинланиши учун давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали мурожаат қилинади.

Нафақалар нафақа олувчининг хоҳишига кўра нафақани етказиб бериш (топшириш) ваколати юкланган ташкилот ёки фуқароларнинг депозит ҳисоб варақларига пул ўтказиш йўли билан банк филиали орқали тўланади.

Нафақалар ҳар ойда белгиланган муддатларда, бироқ жорий тўлов ойидан кечикмай тўланади. Нафақа олувчи Ўзбекистон ҳудудида доимий яшаш учун бошқа туман (шаҳар)га кўчганда, нафақани тўлаш янги яшаш жойи бўйича давом эттирилади. Бундай ҳолатда нафақа тўлаш аввалги яшаш жойи бўйича нафақа тўлаш тўхтатилган вақтдан бошлаб давом эттирилади.

ЎзА