Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманида Наврўз байрами Амфитеатрнинг очилиш маросимига уланди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев туман аҳолисини янгиланиш ва яшариш айёми билан муборакбод этди.

Янгидан қад ростлаган, туман кўркига кўрк ва файз бағишлаётган  1 минг 400 ўринли замонавий Амфитеатр қурилиши учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 5,5 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилди. Мазкур иншоот узоқ йиллар мобайнида аҳолининг, айниқса, ёш авлоднинг маънавий дунёсини бойитишга, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга, маданиятимиз билан санъатимиз ривожига хизмат қилади.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида берилган топшириқлар асосида Чимбой туманининг ўзида 4 та ижтимоий соҳа объектида 15 миллиард сўмлик, 14,8 километр ичимлик сув тармоғини барпо этишга 2,9 миллиард сўмлик, 30,7 километр ички йўлларда 7,3 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ва реконструкция ишлари олиб борилди. Шунинг ҳисобидан туман тиббиёт бирлашмаси, Ёшлар маркази, Маданият уйи, футбол майдончасида, Ёшлар аллеясида, “Мотамсаро она” ҳайкали ва бошқа бир қатор объектларда қурилиш ишлари олиб борилди. Осойишта ҳаёт рамзи ҳисобланган Курант соати ишга туширилди. Буларнинг барчаси туман аҳолисининг фаровон ҳаётини таъминлашга хизмат қилади.

Амфитеатр биноси олдида ҳар бир халқнинг миллийлигини ўзида мужассам этган таомлар, буюмлар ва кийим-кечаклар кўргазмаси намойиш этилди. Санъат усталарининг ижросидаги байрам концерт дастури барчага байрамона кайфият улашди.

Янгиланиш ва яшариш айёми Наврўзи олам шодиёналари туманда давом этмоқда.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА