Давлат божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида ўтказилган «Шарқ-Ғарб» Транскаспий халқаро транспорт йўлаги бўйича келишувга аъзо мамлакатлар божхона хизматлари раҳбарларининг кўп томонлама учрашувида иштирок этди.

Тадбирда Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Кунио Микурия, Туркий давлатлар ташкилоти, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакиллари, Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркия божхона хизмати раҳбарлари қатнашди.

Учрашувда «Шарқ-Ғарб» Транскаспий халқаро транспорт йўлаги бўйлаб ҳаракатланаётган юклар транзитида божхона тартиботларини соддалаштиришга қаратилган масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Акмалхўжа Мавлонов ўз чиқишида «Шарқ-Ғарб» Транскаспий халқаро транспорт йўлаги Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистон учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Асосий эътибор минтақамиздаги транзит коридорларининг рақобатбардошлигини ошириш, бизнес учун энг мақбул тарифларни жорий этиш ва замонавий транспорт инфратузилмасини яратишга қаратилди.

Мазкур йўлак бўйлаб транзит ташувларини янада жадаллаштириш ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига янада кўп қулайликлар яратиш мақсадида Ўзбекистон божхона хизмати раҳбари электрон маълумотлар алмашинувининг ўзаро интеграциялашган, ишончли ва хавфсиз порталини ташкил қилиш ташаббусини илгари сурди.

Бу борада Ўзбекистон божхонаси аллақачон ўз тажрибасига эга. 2023 йил 1 январдан эътиборан транзит декларациясини божхона органига тақдим этиш ва расмийлаштириш билан боғлиқ бўлган барча операциялар Божхона қўмитасининг «E-Tranzit» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилмоқда.

Йиғилишда мазкур тизимнинг афзалликлари ҳақида ҳам батафсил ахборотлар берилди. Учрашув якунида томонлар транзит божхона тартиботларини соддалаштиришга қаратилган Баённома имзолади.

ЎзА