Швейцариянинг Credit Suisse банки чоршанба куни акциялари қийматини қарийб учдан бирга йўқотгани боис мамлакат Марказий банкига ҳамда бозорни тартибга солувчи идорага ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат қилган. Шу билан бирга, Европа марказий банки ҳам Швейцария молия ташкилотлари билан боғлиқ таҳдидлар кўламини ҳисоблашни бошлаган, деб ёзмоқда Financial Times газетаси вазиятдан хабардор манбаларга таяниб.
Аввалроқ машҳур молиявий шарҳловчи Роберт Кийосаки американинг Silicon Valley Bank (SVB) банки банкротга учрагандан кейин, навбат Швейцариянинг Credit Suisse банкига келади, деб ёзган эди. Бир вақтлар у, Америкадаги энг йирик Lehman Brothers банки 2008 йилда банкротга учрашини аниқ башорат қилган.
Credit Suisse банки фаолиятига 1856 йилда асос солинган. 50 та мамлакат ҳудудида фаолият кўрсатаётган мазкур молия ташкилотида тахминан 48 минг киши меҳнат қилади.