Бугун, 1 март куни юртимизда футбол бўйича 20 ёшгача бўлган ёшлар ўртасидаги Осиё кубоги баҳслари бошланади. Унда 16 та жамоа қатнашмоқда. Учрашувлар икки шаҳарнинг тўрт стадионида ўтказилади. Бугун “Бунёдкор” стадионида қитъа кубогининг тантанали очилиш маросими ташкил этилади.
Кеча Ўзбекистон U-20 терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров Осиё кубоги олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
– Биз бу турнирни интизорлик билан кутдик. Нафақат жамоа, балки ташкилий қўмита томонидан мусобақага узоқ тайёргарлик кўрилди. Умуман олганда, биз муросасиз баҳсларга тайёрмиз. Албатта, Ўзбекистонда ўтаётган мусобақада барча жамоалар ўз олдига аниқ мақсадларни қўйган. Хусусан, биз ҳам. Юртимизда ўтадиган ушбу турнирда зафар қучиб, Индонезияда бўладиган Жаҳон чемпионатига йўл олишни мақсад қилганмиз. Барча рақиб жамоаларни ҳурмат қиламиз. Ўйлашимча, уларни етарлича ўрганишга ҳаракат қилдик. Биласиз, пандемия туфайли бу ёш тоифасидаги бир нечта турнирлар қолдирилди. Бироқ, биз режа бўйича ишладик. Белгиланган ўқув-йиғинларда қатнашдик. Кучли жамоаларга қарши халқаро ўртоқлик учрашувларида иштирок этдик,– деди Равшан Ҳайдаров.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда ташкил этилаётган мазкур чемпионат баҳорнинг илк кунларига тўғри келганлиги мухлислар учун айни муддао бўлди. Зотан, атрофнинг гўзалликка чулғана бошлаши, об-ҳавонинг илиқ тафти ишқибозлар руҳиятига футбол кайфиятини жо этиши билан ҳам тотлидир. Бундан ташқари, қитъанинг энг кучли ёш футболчилари, жамоалари Тошкентда аниқланиши, шиддатли баҳслар ортидан юртимизнинг юзлаб баркамол авлод вакилларига оммавий спорт билан ошно тутинишга руҳий қувват бағишлаши билан ҳам ушбу футбол баҳслари аҳамиятлидир.
Бугун “Бунёдкор” стадиони Осиё кубоги гуруҳ босқичининг илк учрашувида Ўзбекистон-Сурия жамоалари рўбарў келади.
Н.Раҳмонова,
ЎзА