Бугунги кунда дунё аҳолисининг катта қисмини носоғлом турмуш тарзи туфайли сурункали касалликлар безовта қилиб келмоқда.
Жумладан, ўтган йил якунига кўра, дунёда ўлимга сабаб бўлувчи омилларнинг 30 фоизини чекиш, 8 фоизини алкоголь маҳсулотлари истеъмол қилиш, 27 фоизини бошқа ҳолатлар, 35 фоизини эса озиқ-овқат таркибидаги зарарли моддалар ва нотўғри овқатланиш ташкил этган.
Хусусан, мамлакатимизда ҳам аҳолининг 56 фоизини ортиқча вазн, 30 фоизини сурункали касалликлар безовта қилиб келмоқда. Таҳлилларга кўра, мамлакатимизда 10,7 миллион аҳоли соғлом турмуш тарзини олиб бормайди. Аҳолининг 16,5 фоизи тамаки ва 4,7 фоизи алкоголь истеъмол қилиши, 16 фоизи мева ва сабзавотларни етарли миқдорда истеъмол қилмаслиги (кунига 400 граммдан кам), 36,6 фоизи таомга қўшимча туз қўшиши, 32,9 фоизида ортиқча вазн ва 23,5 фоизида семизлик мавжудлиги, 38 фоизида юқори артериал босим ва 8,4 фоизи қонида қанд миқдорининг юқорилиги, 26 фоизининг эса жисмоний фаоллиги сустлиги аниқланган.
Бу эса, мамлакат тараққиётига қаратилган ҳар бир ислоҳотларни амалга оширишда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга бевосита салбий таъсир кўрсатади. Шу боис, кейинги йилларда соғлом турмуш тарзига оид норматив ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, айни кунларда кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинаётган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳасида ҳам “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” умуммиллий ҳаракатини бошлашга қаратилган алоҳида вазифа белгиланмоқда.
Яъни, ушбу ҳаракат доирасида аҳоли орасида юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва жисмоний фаоллик даражасини ошириш мақсадида смартфон ва мобиль иловалар ёрдамида ўз соғлиғи ва овқатланишини назорат қилишни ўргатиш, тўғри овқатланиш бўйича мобиль илова яратиш мақсад қилинган.
Шу билан бирга, болаларга мўлжалланган носоғлом озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликлар, болалар озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда энергетиклар, дори воситалари, биологик фаол моддалар рекламасига бўлган талаблар кучайтирилади. Таълим муассасаларида болалар ва ёшлар учун тавсия этилмайдиган маҳсулотлар, шу жумладан, таркибида шакар, туз, трансёғлар миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, таъм ва ранг берувчи қўшимчалар рўйхатини тасдиқлаш ва истеъмолини камайтириш, маҳаллий маҳсулотлар турларидан келиб чиқиб, аҳолининг ҳар бир хавф гуруҳи ва касаллик турлари учун алоҳида-алоҳида соғлом овқатланишга қаратилган тавсияларни ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, иш жойларида ходимларнинг ҳам жисмоний тарбия билан шуғулланиши ва соғлом овқатланиши учун зарур бўлган шарт-шароитлар яратиб берилади.
Натижада, аҳоли, айниқса, ёшлар, аёллар ва кексалар орасида соғлом овқатланишни ташкил қилиш, жисмоний фаолликни ошириш кўникмалари шаклланади. Бу эса, фуқароларимизга соғлиғи билан боғлиқ ортиқча хавотирлардан қутулиш, фаол турмуш тарзи орқали ўз мақсад ва режаларини узлуксиз амалга ошириш имконини беради.
Албатта, бу жараён биргина “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” умуммиллий ҳаракатининг жорий этилиши билан ҳал қилинадиган масала эмас. Эндиликда ҳар бир жамият фаоли ўзи билан бир қаторда қолганларни ҳам соғлом турмуш тарзига амал қилишга чорлаши зарур. Шундагина биз кўзланган мақсад ва натижаларга эришамиз.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
ЎзА