Жорий йил мамлакатимиз оғир атлетикачилари учун қизиқарли мусобақаларга бой спорт мавсуми бўлади. Шунингдек, “Париж-2024” Олимпия ўйинларининг дастлабки йўлланмаларини қўлга киритиш учун ўтадиган нуфузли турнирлардан иборатлиги билан алоҳида ажралиб туради.
Хўш, жорий йилда дунё оғир атлетикачилари қатори Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари айнан қайси халқаро мусобақаларда медаллар учун кураш олиб боради?
Энг аввало, таъкидламоқ керакки, йил давомида турли ёш тоифасидаги терма жамоаларимиз халқаро аҳамиятга эга 11 та мусобақада иштирок этиши белгиланган. Йилнинг илк халқаро оғир атлетика баҳсларига Албаниянинг Дуррес шаҳри мезбонлик қилади. Ушбу мамлакатда жорий йилнинг 25 март –1 апрель кунлари ўсмирлар ўртасида Жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.
Ёдингизда бўлса, ўтган йили Мексиканинг Леон шаҳрида ўсмирлар ўртасида ўтган Жаҳон чемпионатида 4 нафар спортчимиз қатнашиб, 8 та кумуш ва 2 та бронза медалига эга чиққан эди. Бу гал ушбу натижа янада яхшиланади, деган умиддамиз.
Жорий спорт мавсумининг энг қизиқарли мусобақаларидан – Осиё чемпионати 3-13 май кунлари Жанубий Кореянинг Жинжу шаҳрида ўтади. Мазкур қитъа чемпионати “Париж-2024” Олимпиадаси йўлланмаларини тақдим этиши билан аҳамиятлидир.
“Париж-2024” йўлланмалари ўйналадиган “IWF Grand Prix” турнири 2-12 июнь кунлари Кубанинг Гавана шаҳри мезбонлигида ташкил этилса, шу ном остида бўладиган мазкур турнирнинг яна бири 1-17 декабрь кунлари Қатарда ўтказилади. Айтиш лозим, ушбу иккала турнир Халқаро оғир атлетика федерацияси тақвимидаги энг асосий турнирлардан саналади.
Бу йил ҳам Тошкент халқаро оғир атлетика мусобақаларининг марказларидан бирига айланади. Жорий йил 11-16 июнь кунлари Ўзбекистон пойтахтида Марказий Осиё очиқ чемпионати минтақа спортчиларини ғолиблик йўлида кураш майдонига жамлайди. Ўтган йили қитъанинг энг кучли ўсмирлари ва ёшларини аниқлаган қитъа чемпионатига бу гал Ҳиндистон мезбонлик қилади. Мусобақалар 28 июль – 5 август кунлари бўлиб ўтади.
Шунингдек, оғир атлетикачиларимиз 4-14 август Беларусда бўладиган МДҲ ўйинларида, 20-31 август Хитойда кечадиган жаҳон кубогида, 23 сентябрь-8 октябрда ёзги Осиё ўйинларида, 1-10 ноябрда Мексикада ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
2023 йил катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати бу сафар 2-17 сентябрь кунлари Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида ўтказилади. Мавсумнинг энг нуфузли мусобақасида терма жамоамиз аъзолари муносиб натижаларга эришиши йўлида мураббий ва мутахассислар бошчилигида тизимли тарзда қизғин ҳозирлик кўрмоқда.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатимиз оғир атлетикачилари ўтган йилги халқаро турнир ва чемпионатларда умумий ҳисобда 142 та медаллар шодасини қўлга киритган эди. Шундан 54 таси олтин, 37 таси кумуш ва 51 таси бронза медалларидан иборат бўлган.
Т.Рўзиев,
ЎзА