Президент Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳри Баркамол авлод маҳалласида тадбиркорлар билан мулоқот қилмоқда.

Вилоят иқтисодиётини ривожлантириш ҳисобига бу йил 500 мингга яқин аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича катта марралар олингани қайд этилди.

Бунда, қишлоқ хўжалигида – 285 минг, хизматлар ва тадбиркорликда – 175 минг, инвестиция лойиҳалари ҳисобига – 45 мингта.

–Албатта, бу марраларга фақат ва фақат тадбиркорларга таяниб, уларни қўллаб-қувватлаб эришиш мумкин, – деди давлатимиз раҳбари. – Куни кеча имзоланган қарорга кўра, вилоятда оилавий тадбиркорлик учун бу йил 950 миллиард сўм ёки 2 баравар кўп имтиёзли кредитлар ажратилади (ўтган йили 480 миллиард сўм).

Шунингдек, аҳолини даромадли иш билан таъминлаш мақсадида 45 миллиард сўм субсидия маблағлари берилади (2022 йилда 15,5 млрд сўм бўлган).

Шу билан бирга, бу йилдан энг оғир туманлар алоҳида тоифаларга ажратилди.

Наманган вилоятида Мингбулоқ 5-тоифага, Норин тумани 4-тоифага кирган.

Улардаги тадбиркорларга солиқ тўлаш, кредит ва кафолат олиш, давлат божларини тўлашда катта енгилликлар берилди.

ЎзА