Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳри Баркамол авлод маҳалласидаги “Ниҳол Файз” тикувчилик корхонаcида тадбиркорлар билан мулоқот қилмоқда.

Таъкидланганидек, сўнгги беш йилда Наманганда саноат, хизматлар ва тадбиркорликнинг бошқа соҳаларида “катта сакраш” бўлди. Масалан, вилоятда корхоналар сони 15 мингтага кўпайиб, 32,5 мингтага етди.

Бу даврда хусусий бизнес ишлаб чиқарган маҳсулотлар ҳажми 1,6 баравар ошиб, 8,3 триллион сўмга етди. Бу – республика бўйича энг юқори ўсиш суръатлари, дегани.

–Тасаввур қилинг, олти йил аввал дотацияда бўлган вилоят бугунги кунда мустаҳкам даромадга эга бўлди, замонавий саноат

ва кучли тадбиркорлар шаклланди. Оддий қилиб айтганда, Наманган ҳеч муболағасиз, тадбиркорлар юрти, кичик

ва ўрта бизнес марказига айланди, – деди давлатимиз раҳбари. – Айниқса, Намангандаги кичик саноат зоналарига яратилган шароитлар, уларга эътибор тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг яққол намунаси бўлди. Бугун сизлар билан учрашаётган “Баркамол авлод” кичик саноат зонаси мен ҳозир кўрган янги корхоналар буни амалий исботи. Шу боис, бугунги “очиқ мулоқотимиз”нинг айнан Наманганда бўлаётгани ҳам бежиз эмас.

 

ЎзА