Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Янги Андижон массивидаги “Ипотека маркази”да муқобил энергетикани ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

–Кун тартибидаги иккинчи масала – ўтган ҳафта камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича барча масалаларни келишиб олдик. Жумладан, 2023 йилда 5 миллион нафар аҳоли бандлигини таъминлаш, хусусан, 2 миллион доимий иш ўринларини

яратиш бўйича ҳудудлар ва тармоқ раҳбарларига аниқ вазифалар қўйилди, – деди давлатимиз раҳбари. – Ушбу ишларни қандай ташкил этиш бўйича Андижоннинг туман ва шаҳар ҳокимлари, бандлик ва камбағалликка масъул ўринбосарлари, сектор раҳбарларининг режаларини бирма-бир эшитаман.

Вилоятда 127 минг нафар ишсиз фуқаро мавжуд. (ишсизлик даражаси – 8,9 фоиз). Ҳар йили яна 50 минг нафар ёшлар

меҳнат бозорига кириб келади.

Шунингдек, “Темир дафтар”га 13,5 минг нафар аҳоли, “Аёллар дафтари”га 63 минг нафар хотин-қизлар ва “Ёшлар дафтари”га 1,5 минг нафар ёшлар киритилган.

Бизнес учун яратилган шарт-шароитлар ва имкониятлар бўйича Бўстон ва Улуғнор 5-тоифага, Жалақудуқ, Марҳамат, Избоскан ва Пахтаобод 4-тоифага тўғри келади.

Қайд этилганидек, аҳолини камбағалликдан чиқариш, бандликни таъминлаш бўйича вилоятда етарли шароитлар бор.

Мисол учун, куни кеча имзоланган қарорга кўра, оилавий тадбиркорлик учун имтиёзли кредитларга бу йили 1,1 триллион сўм ажратилади (ўтган йили 800 миллиард сўм).

Сўнгги икки йилда аҳолига деҳқончилик учун 8 минг гектар ҳосилдор экин ерлари берилган, 2023 йилда яна 10 минг гектар ер тарқатилади.

Маҳаллаларда саноатни ривожлантириш учун, 36 та микромарказ ташкил этилади.

ЎзА