Халқимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини ва аҳоли бандлигини таъминлаш, барқарор ривожланишга эришишда қишлоқ хўжалигининг ўрни жуда катта.

Мамлакатимизда кузатилган совуқ ҳаво ўйғонаётган экинларга зарар етказдими? Ҳудудларда ғалла ва пахта экинларига совуқ таъсирининг олдини олиш учун қандай ишлар амалга оширилди?

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассиси Отажон Пирмотов бу ҳақда ЎзА мухбирига қуйидагиларни маълум қилди.

– Бизда қишлоқ хўжалиги асосан мева-сабзавотчилик, пахта ва ғалла йўналишида ташкил этилган. Буларнинг ҳаммасига, албатта, об-ҳавонинг таъсири бўлади. Аммо аҳолининг бу борадаги хавотири аслида унчалик асосли эмас. Сабаби бугунги кунда республикадаги ғалла майдонлари қор остида тўлиқ тиним даврини ўтамоқда. Бу даврда ғалла ниҳоллари ўсишдан тўхтайди ҳамда кунлар илиб, ўртача кунлик ҳаво ҳарорати +5 даражага кўтарилгандан сўнг ғалла тиним давридан чиқади. Тиним давридан чиққан ғалла майдонларида баргдан суспензия усулида озиқлантириш ва бошқа агротехник тадбирлар ўтказилади.

Мамлакатимизда кузатилган аномал совуқ ҳарорат кузги ғалла майдонларига фақат ижобий таъсир кўрсатади. Ҳудудларда жорий йил ҳосил учун экилган кузги ғалла ҳар йилгидан эрта муддатларда экилган бўлиб, тупланган ҳолда тиним даврига кирган. Кузги ғалланинг совуққа чидамлилиги асосан унинг туплаш бўғини чуқурлиги билан боғлиқ.

Кузги буғдой асосан униб чиқиш даврида қор қатлами мавжуд бўлганда -7…-90 даража ва 3-4 барг фазасида -180 даражагача, туплаш фазасидаги ғалла нихоллари -23…-240 даражагача бўлган совуқларга чидай олади.

Республикага кириб келган совуқ оқим ҳисобига жорий йил 9-11 январь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидан ташқари барча ҳудулар ўртача 15-25 см қалинликдаги қор билан қопланди.

Қопланган қор ўсимликларни паст ҳаво ҳароратидан ҳимоя қилади ҳамда қор ёғган вақтдаги тупроқ ҳарорати сақланиб қолиб тупроқ музлашининг олдини олади. Ўсимликларнинг чиниқиш даври қулай шароитларда ўтиши ҳисобига кузги бошоқли дон экинларининг туплаш бўғинида захира озиқа моддалар тўплаши натижасида кейинги вегетация даврида ўсиш ва ривожланишига ижобий таъсир қилади.

Совукдан сақлаш мақсадида ғалла майдонларига чириган маҳаллий ўғит (гўнг) сепилиб, ғўза қатор ораларига экилган ғалла майдонларини ғўзапоялардан тозалаш ишлари совуқ кунлар тугагунга қадар тўхтатилди.

Шунингдек, электр энергия чекловлари бўлиши инобатга олиниб, насос агрегатлари ва лоток тармоқларининг музлаб ёрилишининг олдини олиш мақсадида улардан фойдаланиш ҳам вақтинча тўхтатилди. Совуқ таъсирида ғаллага зарар етиши кузатилган ҳолатларни бартараф этиш бўйича қишлоқ хўжалиги мутасаддилари ва олимлар иштирокида штаблар ташкил этилиб, ғалла етиштирувчи хўжаликларга амалий ёрдам бериш ишлари ташкиллаштирилди.

Бир нарсани алоҳида таъкидлардимки, кўп миқдорда қор ёғиши шўрланган майдонларда туз миқдорининг камайишига таъсир этади. Турли зарарли ҳашаротлар камаяди, касалликлар споралари нобуд бўлади ва тарқалмайди. Тупроқда захира намнинг тўпланишига ёрдам беради ва ўсимликларнинг вегетация даврида (сувга бўлган талаби камаяди) фойдаланишига олиб келади. Суғориш муддати узайиши ва меъёрларининг камайиши ҳисобига сув ресурслари тежалиб, тупроқнинг структураси яхшиланади, унинг ғоваклиги ошади.

Қор иссиқлик ўтказувчидир. Шунинг учун у сиртдан кўра остида иссиқроқ. Чунки қор тупроқни, микрофлорани ва ўсимликларни чуқур музлашдан ҳимоя қилади. Ҳар бир сантиметр уларнинг совуққа чидамлилигини 1 даражага оширади.

Катта қорли қоплам остида тупроқ ҳарорати нолга яқин ва шунинг учун жуда саёз музлайди. Баҳорда қор эриши билан намлик тезроқ сўрилади. Aгар озгина қор бўлса, ер музлайди ва сув унинг устида туради ёки ён бағирларга тарқалади. Ўрганишларга кўра, 1 кг қорнинг эриган сувида 7,4 мг.гача азот ва оз миқдорда фосфор мавжудлиги аниқланган. Қор суви юқори физиологик фаолликка эга бўлиб, ўсимликларнинг ўсишини рағбатлантиради.

Намлик тупроқнинг қайси чуқурлигигача етган бўлса, бошоқли дон экинларининг бирламчи илдизлари ҳам шундай чуқурликка боради. Шундай бўлган йилларда бошоқли дон экинлари қурғоқчиликдан камроқ зарарланади. Бундан ташқари, қишки қор тўпланиши ҳосилни 10-15 фоизга оширади. Қор ўзгарувчан модда бўлиб, у зичлашиши билан 1 кг тушган қор деярли 1 литр эриган сувни бериши мумкин бўлса, унда бир кубометр зич қор қоплами 400 литргача сув билан таъминлайди.

Сабзавот экинларини етиштириш муддатлари турлича бўлиб, қорнинг фойдаси тўқсонбости муддатда сабзавот экинларига кўпроқ бўлади. Бунда экинлар устки қатламини қор қоплаганда совуқ уришидан асраш билан биргаликда сув билан таъминлаши олим ва деҳқонларимиз томонидан кузатилган. Сабзавот, полиз ва картошка экинларининг аксарият қисми асосан сувли жойларда етиштирилади. Қорнинг кўп ёғиши ўз навбатида сув захираларини ташкил этиш ва йил давомида сувга бўлган эҳтиёжни қондиради.

Жорий йил республика ҳудудларида ёғингарчилик, жумладан қор ёғиб, узоқ вақт давомида ҳаво ҳарорати – 7℃ дан – 20℃ гачани ташкил этиб, ерлар музлаши кузатилди. Бу эса айрим мевали дарахтларнинг (анжир, хурмо, анор, малина, лимон) ҳамда кўмилмаган токзорларга қисман зарар етказиши мумкин.


Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.

ЎзА