Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Унда cув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев маъруза қилиб, лойиҳанинг мазмуни ва аҳамияти тўғрисида маълумот берди:

— Республикамизда жами 73 та сув омбори ва сел сув омбори, 1688 та насос станцияси, 49 та гидроэлектростанция хўжаликлари мавжуд. Уларнинг аксарият қисмидан 40 йилдан ортиқ муддат давомида фойдаланилмоқда. Бу эса уларни ўз вақтида таъмирлаш-тиклаш ва реконструкция қилиш ҳамда замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ишларини амалга ошириш, техник соз ҳолатда сақлаш ҳамда уларнинг хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлашни талаб қилмоқда.

Амалдаги “Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун 1999 йилда қабул қилинган бўлиб, бугунги кун талабларига тўла жавоб бермайди. Шу мақсадда ишлаб чиқилган янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси юртимиздаги мавжуд сув хўжалиги объектларини техник соз ҳолатда сақлаш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва улардан ишончли фойдаланишга хизмат қилади. 7 боб, 35 моддадан иборат мазкур қонун лойиҳаси сув хўжалигини ривожлантириш, соҳага ажратилаётган бюджет маблағлари самарадорлигини таъминлаш, айниқса, сўнгги йилларда сув хўжалигида амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар, сув хўжалиги объектларини қуриш, улардан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлайди.

Лойиҳада гидротехника иншоотлари хавфсизлигини таъминлашнинг асосий принциплари, соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари аниқ белгиланмоқда. Шу билан бирга, етказилган зарар учун фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш, гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш соҳасида хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар билан ахборот алмашиш масалалари ўз аксини топган.

Гидротехника иншоотлари зарур назорат-кузатув асбоб-ускуналари, шунингдек, фавқулодда вазиятлар ҳақида аҳолига зудлик билан хабар бериш тизими билан жиҳозланади. Иншоотларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш-тиклаш, консервация қилиш ва тугатиш ишларида хавфсизлик бўйича назорат кучайтирилади, — деди вазир.

Мажлисда депутатлар қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, қатор савол ва таклифларини берди.

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА