Франция парламенти қуйи палатаси оиладаги зўравонликдан жабр кўрганларга универсал молиявий ёрдам ташкил этишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини бир овоздан маъқуллади, деб хабар берди “Politico”.
Ушбу чора жабрдийдаларга имкон қадар тезроқ бошпана топишда ёрдам бериш учун қабул қилинмоқда. Парламент аъзолари мазкур қонун лойиҳасини кузда кўриб чиқиб, қувватлаган, энди Миллий ассамблея ҳукумат томонидан киритилган тузатишни маъқуллади. Аҳамиятлиси, ёрдам фоизсиз кредит сифатида эмас, балки хайрия кўринишида расмийлаштирилади. Яъни, олинган пул қайтарилмайди.
Жабр кўрган кишининг эҳтиёжига қараб, тартибга солинган ёрдам кўлами алоҳида белгиланади. Қонун жорий йил тасдиқланиши кутиляпти.
Франция ИИВ маълумотига кўра, 2021 йил мамлакатда 208 мингга яқин оилада зўравонлик рўйхатга олинган, жабрланганларнинг аксарияти аёллар.